Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақобат қўмитаси мурожаатларга бефарқ эмас
15:16 / 2026-01-12

Рақобат қўмитаси томонидан фуқаролардан савдо, таълим, чиқиндиларни олиб чиқиш ҳамда молиявий хизматлар соҳаларида келиб тушаётган мурожаатлар изчил ўрганилмоқда. Бу жараёнда энг асосий мезон — фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқини тиклаш ва адолатни қарор топтиришдир.

Амалий мисоллар шуни кўрсатадики, оддий бир мурожаат ҳам катта муаммони ҳал этишга туртки бўла олади. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида яроқсиз қўл телефони масаласида истеъмолчининг талаблари қонуний деб топилиб, маблағ қайтарилди. Бу ҳолат бозорда истеъмолчи манфаати устувор эканини яна бир бор тасдиқлади.

Қашқадарё вилоятида автомактаб хизмати билан боғлиқ мурожаат эса таълим соҳасида ҳам шартнома шартларига қатъий амал қилиш қанчалик муҳим эканини кўрсатди. Фуқаро фойдасига қабул қилинган қарор одамларда қонунга ишончни мустаҳкамлади.

Навоий ва Фарғона вилоятларида автотранспорт воситалари бўйича ҳал этилган мурожаатлар сифат ва жавобгарлик масаласи ҳеч қачон иккинчи даражага тушмаслиги кераклигини эслатди. Чунки, транспорт воситаси — инсон хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ масала.

Наманган вилоятида чиқиндиларни олиб чиқиш хизматида юзага келган асоссиз қарздорлик бартараф этилгани эса коммунал хизматларда шаффофлик қанчалик зарур эканини яққол кўрсатди.

Жиззах ва Андижон вилоятларида электрон савдо платформалари орқали келиб чиққан мурожаатлар эса рақамли хизматлар ривожланаётган бир пайтда истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этаётганини кўрсатмоқда.

Бухоро вилоятида суғурта мукофотини қайтариш билан боғлиқ ҳолатда эса фуқаронинг қонуний манфаатлари тикланди. Бу каби қарорлар молиявий хизматларда ҳам қонун устувор эканини англатади.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир ижобий ҳал этилган мурожаат ортида фуқаронинг давлат органларига нисбатан ишончи мустаҳкамланмоқда. Рақобат қўмитасининг бу борадаги фаолияти эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида амалий натижалар бераётганини кўрсатади.

Н.Раҳмонова,  

ЎзА