Шаҳар ва туманлардаги жамоат транспорти инфратузилмасини такомиллаштириш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз шарт-шароитлар яратиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири. Айниқса, автобус бекатлари одамлар доимий фойдаланадиган муҳим жамоат жойи ҳисобланади.
Шу боис, бекатларнинг йўловчиларга қулайлиги ва санитария талабларига жавоб бериши катта аҳамиятга эга. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан қолдирилаётган мурожаатларда автобус бекатлари белгиланган талаб даражасида эмаслиги ва унда йўловчилар учун етарли даражада қулайликлар яратилмагани юзасидан кўплаб эътирозлар билдирилмоқда.

Шуни инобатга олган ҳолда, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан автобус бекатларидаги мавжуд камчиликлар ва муаммоларни ўрганиш ишлари олиб борилди.
Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан танланма усулида 2 минг 800 тадан ортиқ бекатлар фаолияти ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар давомида баъзи бекатларда камчиликлар аниқланди.
Жумладан, 286 та ҳолатда кутиш залларининг учта томони махсус тўсиқлар билан ёпилмагани сабабли йўловчилар иссиқ ва совуқ ҳаводан ҳимояланмаган. 210 та ҳолатда кутиш залларида савдо шохобчалари жойлаштирилган. 387 та ҳолатда ногиронлар учун махсус кўтарма пандуслар мавжуд эмас. 412 та ҳолатда кутиш залларида электр ёритгичлар ўрнатилмаган. 57 та ҳолатда ёмғир, қор ва шамолли кунларда йўловчилар учун павильон мавжуд эмас. 156 та ҳолатда бекат номи ёзилган кўрсаткич қўйилмаган.
255 та ҳолатда йўналишнинг тартиб рақами мавжуд эмас.
Қўмита томонидан ўрганишда аниқланган камчилик ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш юзасидан Транспорт вазирлиги ҳамда ҳудудий ҳокимликларга тегишли кўрсатма юборилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА