Токиода бўлиб ўтган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида юртимиз вакилларининг иштироки ва эришган натижалари бутун халқимизни қувонтирди.
Иштирокчиларнинг олтин ва бронза медаллари давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси вакиллари билан учрашувда “Томирларида Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд, Заҳириддин Бобур каби буюк аждодларимизнинг куч-ғайрати жўш уриб турган, уларга ҳар томонлама муносиб бўлган авлодгина бундай улкан ишларга қодир бўлади”, деди.
Дарҳақиқат, юртимизнинг паҳлавон фарзандлари буюк аждодларимизга муносиб тарзда ҳаракат қилиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Улар шаънига мадҳиямиз янграб, Ватанимиз байроғи баланд кўтарилгани барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлади.
Учрашувда давлатимиз раҳбари ғолиб иштирокчиларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида тўхталиб, уларнинг мураббийлари ва ота-оналарига миннатдорлик билдирди. Жумладан, бокс бўйича олтин медал соҳиби Баҳодир Жалолов ҳақида тўхталар экан, “Исми жисмига мос бу азамат йигит ва унинг меҳрибон онаси Сабоҳат Жалоловани барчамиз қизғин қутлаймиз. Мен улар билан аввал ҳам учрашиб, самимий суҳбатлашганимни ҳамиша яхши таассуротлар билан эслайман. Истеъдодли боксчимиз ўтган вақт давомида ўз устида тинимсиз ишлаб, ёшларга намуна бўлди. Баҳодир азиз онасига, халқимизга берган ваъдасининг устидан чиқиб, Ватанимизга учинчи олтин медални туҳфа қилди. Шу тариқа ўзбек бокс мактабининг шон-шуҳратини янада юксак босқичга олиб чиқди”, дея эътироф этди Президент. Шунингдек, Баҳодир Жалоловнинг спорт маҳорати мактабини ташкил этиш ва бунинг учун барча зарур шароитларни яратиб бериш вазифасини топширди.
Баҳодир Жалолов Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юқори натижаларга эришгани, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш, ёшларимизни она юртга муҳаббат, миллий ғурур ва ифтихор туйғулари руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун давлатимизнинг юксак мукофоти – “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Умидли спортчи билан ўтган даврдаги фаолияти, Олимпиададаги иштироки, келгусидаги режалари ҳақида суҳбатлашдик.
– Бугун том маънода ўзбек халқининг қаҳрамонига, ёш йигитларнинг кумирига айландингиз. Бу юксак даражага етишиш осон кечмагани аниқ. Спорт соҳасига кириб келишингиз қандай бўлган? Юртимизда спортга қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталсангиз.
– Юртимизда спортни ривожлантиришга, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор жуда юқори даражада. Спорт турларини кенгайтириш, ривожлантириш учун барча шарт-шароит ва қулайликлар муҳайё қилинган. Биз спортчилар эса бу эътибор ва қулайликлардан руҳимиз кўтарилиб, янада олға интилишга ҳаракат қиламиз. Бугун соҳа ривожи учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар ўз натижасини кўрсатяпти.
Мен дастлаб футболга қизиқиб, футболчи бўлиш орзусида ҳаракат қилганман. Аммо раҳматли отам менинг боксчи бўлишимни қаттиқ хоҳлаган. Шу боис бокс билан шуғулланиб, шу йўналишда ҳаракат қила бошладим. Бир сўз билан айтганда, спортга нисбатан ҳам ўзимда катта қизиқиш бўлган, ҳам отам спорт соҳасида, бокс йўналишида кетишимни хоҳлаб, барча шароитларни яратиб берганлар.
– Катта жангларга энди кириб келган вақтдаги Баҳодир билан айни пайтдаги Баҳодирнинг қандай фарқи бор?
– Тўғрисини айтсам, авваллари менда ҳозиргидай рингдаги важоҳат, шиддат унчалик бўлмаган. Шу жиҳатлар ҳозир секин пайдо бўляпти. Ҳамма нарса секинлик билан бўлар экан. Риодаги Олимпиада мусобақаларида анча ёш бўлганман. Аста-секин тажриба, маҳорат ошиб боряпти. Болалигимда анча шўх, эрка ўсган бола бўлганман. Ўтган даврда кўпгина қийинчиликлар, ўз устимда ишлаш билан бугун шу даражага етиб келдик.
– Токио Олимпиадасидаги рақибларингиз ҳам чакки эмас эди. Бу рингга чиқишдан олдин сизда ҳадик, қўрқув уйғотмадими?
– Рингда рақибдан ҳеч қачон қўрқмаганман. Лекин “Токио–2020” Олимпиадасидаги финал жангдан аввал бироз ҳаяжон бўлди. Чунки бокс энг охирги мусобақалардан бири эди. Юртимиз вакиллари орасида битта мен қолгандим. Албатта, ғалаба қозонишим, олтин медаль олишим керак, деган мақсад бўлган. Шунга қараб мамлакатимиз жамоасида, юртдошларимизда кайфият пайдо бўлади. Ватандошларим, Президентим умид билан қараб турган бир пайтда ютишим шарт, деган ўй билан ҳаяжонда бўлдим.
– Рингда сониялар ҳамма нарсани ҳал қилади. Лаҳзалар ичида спортчи ўзини тутиб олиши, зарур хулосага келиши керак. Шу маънода Олимпиада финалининг 1-раундидаги зарбадан кейин кўнглингиздан нималар ўтди?
– Ҳақиқатдан ҳам спортда, айниқса, боксда спортчи ўзини тезда қўлга олволиши керак. Бу жуда муҳим. Олимпиада финалининг биринчи раундида зарба ўтказиб юбордим. Аммо шу лаҳзалар ичида халқимизнинг, Президентимизнинг менга ишончи, умиди кўз олдимга келди. Юқорида айтганимдек, албатта, олтин медаль билан юртимга қайтишим керак, деган юксак мақсад қалбимдан ўтди. Ва шундан сўнг тезда ўзимни қўлга олиб, иккинчи, учинчи раундларда ғалаба қозонишга бор кучим, шижоатим билан ҳаракат қилдим.
– Ҳакам ғолиб деб эълон қилганда, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилганда, мадҳиямиз янграганда қалбингиздан қандай ҳислар кечди?
– Тўғриси, мадҳиямиз янграган лаҳзаларни ҳеч нарса билан таърифлаб бўлмайди. Жуда хурсанд бўлдим. Бу вақтдаги ҳис-ҳаяжонни, ғурурни спортчининг ўзичалик ҳеч ким ҳис қила олмаса керак. Буни ҳеч қандай таъриф, сўз, тушунтириш билан ифода этиб бўлмайди.
– Келгусидаги режаларингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Келгусида профессионал боксда ҳам ўзимни кўрсатиб, юртимизга бундан-да юксак натижаларни ҳадя қилиш ниятидаман. Қолаверса, Президентимиз спорт мактабимни яратиш бўйича алоҳида топшириқ бердилар. Бу, албатта, катта ишонч ва масъулият дегани. Мана шу ишончни оқлаш мақсадида чин юракдан, бор имкониятларимни ишга солиб ҳаракат қиламан.
– Халқ эътиборидаги қаҳрамонлар ёшларга катта мотивация беради, шу маънода спортсевар ёшларга қандай маслаҳат берасиз?
– Ёшларга, ёш спортчиларга битта тилагим – улар ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, шу мақсади сари интилсин, ҳаракат қилсин. Мақсади аниқ бўлмаган ҳар қандай инсон, у спортчи бўлсин ёки бошқа соҳа вакили бўлсин, ўз ниятига етолмайди, бирор натижага эриша олмайди. Аслида мақсадсиз яшашдан ҳеч қандай маъно бўлмаса керак.
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди,ЎзА