Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли юридик  таълим экотизими – ижтимоий давлат тараққиёти омили
15:10 / 2026-01-06

Маълумки, юридик таълим экотизимини шакллантириш ижтимоий давлат ҳуқуқий сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиб ҳисобланади. Шу боис, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши юридик  таълим ва амалиёти экотизими олдига ҳам мутлақо янги талабларни қўймоқда. Ижтимоий давлат ҳуқуқий сиёсатида рақамли трансформация устувор йўналиш сифатида белгилангани боис, рақамли замонавий юридик таълимни ривожлантириш айниқса, юридик клиник ва дуал таълим тизими билан уйғун ҳолда ташкил этиш масаласи ўта долзарб аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, рақамли технологиялар имкониятларидан  оқилона фойдаланилган ҳолда  замонавий юридик клиник ва дуал таълим тизимида яна бир жуда муҳим жиҳат мавжуд бўлиб, у юридик фан, таълим ва амалиёт (фаолият)нинг интеграцияси асосида  бўлажак ҳуқуқшунос  мутахассислар учун ўзига мос  касбий иш ўринларини топиш,  ҳуқуқни қўлловчи идора ва ташкилотларга малакали кадрларни жалб қилиш имконини берадиган рақамли экотизимни шакллантириш ва ривожлантиришда ёрқин  намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 26 декабрида  Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида алоҳида таъкидланганидек, энди мамлакатимизнинг меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида – касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарур. Шунингдек, “дуал таълим” асосида ўқиш асосида даромад топиш ва ўқитишни самарали ташкил қилган корхоналарга имтиёзлар бериш кўзда тутилгани бежиз эмас.

Энг аввало, шуни қайд этиш  жоизки, рақамли юридик таълимнинг асосий мақсади — замонавий ва фидойи ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, яъни нафақат ҳуқуқий билимларга, балки ахборот-коммуникация технологиялари, электрон ҳужжат айланмаси, рақамли далиллар, онлайн суд муҳокамалари ва электрон давлат хизматлари билан ишлаш кўникмаларига эга мутахассислар корпусини шакллантириш. Юридик клиника рақамли юридик таълимни амалиёт билан интеграциялашувида ғоятда муҳим восита ҳисобланади. Анъанавий клиник фаолиятдан фарқли равишда, рақамли юридик клиникалар орқали талабалар аҳолига онлайн ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, электрон мурожаатлар билан ишлаш, рақамли платформаларда ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлаш ҳамда масофавий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бу нафақат талабаларнинг амалий кўникмаларини оширади, балки аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, дуал таълим тизими рақамли юридик таълимни самарали жорий этишда алоҳида аҳамиятга эга. Дуал юридик таълим шаклининг афзалликларини бир қатор омиллар асосида тавсифлаб бериш мумкин. Биринчидан, олий юридик таълим муассасасида  билим ва юридик амалий  фаолиятни уйғунлаштириш имконияти яратилади. Иккинчидан, мукаммал касбий билимларни эгаллаган малакали юрист мутахассислар ва педагоглардан бир вақтда таълим олиш учун шароит яратилади. Учинчидан, ҳуқуқни қўлловчи идора ва  ташкилотнинг тажрибали  мутахассисларини педагогик фаолиятга жалб этиш имконияти ҳам яратилади. Тўртинчидан, юридик  таълим ва ҳуқуқни қўллаш амалиёт ўртасида интеграциялашган касбий алоқаларни шакллантириш, ҳуқуқни қўлловчи ташкилотларнинг аниқ талабларини юридик таълим мазмуни ва сифатини оширишда  уларни ҳисобга олиш, молиявий қўллаб-қувватлаш, назарий ва амалий касбий кўникмаларни эгаллаш ва қолаверса,  юридик фаолият соҳасига мослашиш учун шароит вужудга келади.

Юридик  дуал таълим назарий машғулотларни таълим муассасасида, амалий тайёргарликни эса ҳуқуқни қўллаш ташкилотида олиб боришни уйғунлаштириб, бўлажак ҳуқуқшунос мутахассисларни тайёрлашда самарали ва мувозанатли ёндашувни таъминлайди. Юридик дуал таълим шакли талабаларга олий юридик таълим муассасасида ўқув машғулотларда қатнашиш, ҳуқуқни қўллаш ташкилотида  ишлаш ва амалиёт ўташ билан бирга меҳнат шартномаси асосида иш ҳақи олиш имкониятини ҳам беради.

Мурожаатномада таъкидланганидек, суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам назарда тутилган энг муҳим масалалардан бири сифатида Тошкент давлат юридик университетида тажриба тариқасида амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойили асосида таълим олиш тизими жорий этилишидир. Бунда иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари учун юридик таълим дастурларининг 50 фоизи (назарий қисмлари) аудиторияларда, 50 фоизи (амалиёт қисми) суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа юридик соҳага оид ташкилотларда ўтказиш кўзда тутилмоқда. Шу маънода таълим дастурларининг назарий қисмларини амалий мисоллар асосида ўқитиш (problem-based learning) орқали талабада муаммоли вазиятни таҳлил ва хулоса қилиш каби «юмшоқ» кўникмалар (soft skills) ва назарий билимларни шакллантиришга эътибор қаратилади. Шунингдек, таълим дастурларининг амалий қисмлари суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура, консалтинг ва соҳага доир бошқа ташкилотларда, шунингдек, юридик клиникада семинарлар ўтказиш орқали олиб борилади.

Хорижий тажрибада дуал (амалиётга йўналтирилган) таълимни клиник юридик таълим билан (реал кейсларни ҳал қилиш орқали амалий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган) уйғунлаштириш кенг қўлланилади. Бу ёндашув стажировкалар, юридик клиникалардаги амалиёт, симуляция машғулотлари ва менторлик асосидаги ўқитиш орқали малакали юристларни тайёрлашга хизмат қилади. Назария билан амалиётни интеграция қилиш касбий  ваколатлилик ва ахлоқий стандартларни шакллантиради. Айниқса, бундай тажриба АҚШ ва Европа мамлакатларида кенг тарқалган. Қолаверса, Япония Канада давлатларида ҳам юристларни тайёрлашнинг ўзига хос тажрибаси шаклланган. Энг аввало, шуни таъкидлаш лозимки, клиник таълим АҚШда шаклланган бўлиб, талабаларга ўқитувчилар назорати остида реал ўқув ва амалий ишлар билан шуғулланиш имконини беради. Юридик клиникалар орқали кам таъминланган аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади ва амалий кўникмалар ривожлантирилади. Шунга монанд тарзда дуал тизим эса стажировкалар, юридик фирмаларда ўқиш ва ишлаш (apprenticeships), шунингдек амалий меҳнат фаолиятини ўз ичига олади. Бу талабаларга битирувгача бўлган даврдаёқ касбий муҳитга мослашиш имконини беради. Бундай амалиёт Буюк Британия ва Австралияда ҳам кенг қўлланилади. Кези  келганда шуни таъкидлаш жоизки,  юридик клиник ва дуал таълимни уйғунлаштириш жуда муҳим аҳамият касб этади. Замонавий  ўқув дастурлар ҳар икки ёндашувни уйғунлаштиради, яъни талабалар университет клиникаларида клиник амалиёт ўташ билан бирга, юридик фирмалар ёки давлат органларида дуал стажировка дастурларида иштирок этади ва турли соҳаларда тажриба орттиради. Хорижий тажрибанинг асосий элементлари бўлмиш «Learning by doing» (амалиёт орқали ўрганиш)ни самарали қўллашни тақозо этади. Юридик клиник таълимнинг асоси бўлиб, талабалар маслаҳат беради, ҳужжатлар тайёрлайди, суд жараёнларида иштирок этади (албатта, назорат остида).

Хорижий давлатларда, айниқса Германияда, юриспруденция соҳасидаги дуал таълим тизими олий таълим муассасасидаги назарий ўқишни корхоналарда (юридик фирмалар, давлат органлари) ҳақ тўланадиган амалиёт билан уйғунлаштиради. Бу тизим 3-4 йиллик амалий тажрибага эга бўлган “тайёр” мутахассисни шакллантиради ва битирувчиларга иш фаолиятига дарҳол киришиш имконини беради. Натижада талабалар икки диплом ёки икки хил малакага эга бўлади. Ҳозирги пайтда ушбу модел бошқа мамлакатларда ҳам жорий этиш учун фаол ўрганилмоқда. Асосий элементлари — талаба, олий таълим муассасаси ва иш берувчи ўртасидаги уч томонлама шартнома, доимий амалиёт ва меҳнатга ҳақ тўланиши бўлиб, бу академик тайёргарлик билан меҳнат бозорининг реал талаблари ўртасидаги тафовутни камайтиради. Амалдаги юридик клиник ва дуал таълим стандарти фақат  айрим фанни назарда тутади, бу эса касбий фаолият соҳасининг рақамлаштирилиши шароитида мутлақо етарли эмас. Шундан келиб чиқиб, юристларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш анъанавий методлар, усуллар ва воситаларни замонавий, рақамли технологиялардан самарали фойдаланишга асосланган ўқитиш усуллари билан уйғунлаштиришга таяниши лозим, деган хулосага келиш мумкин. Президентимиз Мурожаатномада ҳаққоний  эътироф этганидек, жонажон Ватанимиз бугун янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий муносабатлар асосида яшаб, меҳнат қилаётган, мустақил фикрлайдиган, озод ва эркин инсонлар диёрига айланмоқда. Ҳаммамизга аёнки, Мирзо Улуғбек бобомиз бундан олти аср муқаддам инсоният учун юлдузлар харитасини яратган эди. Бугун эса биз ҳозирги ва келажак авлодларимиз учун бахтли ҳаётга олиб борадиган йўл харитасини яратишимиз лозим.

Хулоса қилиб айтганда, рақамли экотизимни шакллантириш  шароитида бўлажак ҳуқуқшунос мутахассисларнинг юридик клиник ва дуал таълимни уйғунлаштириш  асосида касбий  таълим олиш сифати ва  самарадорлигини ошириш малакали ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлашнинг ғоятда муҳим гарови бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, юридик таълим муассасаларида  замонавий рақамли ва сунъий  технологик воситаларидан  оқилона фойдаланиш ҳамда клиник ва дуал таълимнинг самарадорлигини ошириш ўз навбатида, ҳуқуқшунос  кадрлар тайёрлашнинг  ғоятда муҳим омили бўлиб ҳисобланади. 

              Ш.Рузиназаров,
Тошкент давлат юридик университети профессори,

          юридик фанлар доктори, 
Турон Фанлар академиясининг академиги