Ривожланган мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, ижтимоий ҳимоя ва бошқа йўналишларида сунъий интеллект ва замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланишга кенг эътибор қаратилиб келинаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакатимиздаги 10 та олий таълим муассасасида мазкур йўналиш доирасида кадрлар тайёрлаш ва ўқув курсларини жорий этиш вазифалари алоҳида белгилаб берилган.
Мазкур вазифалар ижросини самарали бажариш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан замонавий ўқув-илмий лаборатория фаолияти йўлга қўйилди.
Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов, ТДИУ ректори Қўнғиротбой Шарипов, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти директори Азиз Отабеков, “Microsoft” компаниясининг “Сунъий интеллект архитектураси” департаменти бошлиғи Умид Ахмедов иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада, давлат бошқаруви тизимида сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Алоҳида қайд этиш керакки, илм-фанни ривожлантириш концепциясига асосланган ҳолда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида илмий тадқиқотларни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган. Унга асосан ҳамкор ташкилот ва муассасалар билан биргаликда мутахассислик кафедралари ҳузурида илмий-тадқиқот марказлари ва лабораторияларини ташкил этиш вазифалари белгилаб олинган. Бугунги кунда университетнинг 31 та кафедраси ҳузурида жами 18 та илмий-тадқиқот маркази ва лаборатория фаолияти йўлга қўйилди.
Уларда фундаментал таълимотларни яратиш ва такомиллаштириш, илмий-тадқиқотлар ва улардан олинган янгиликларни патентлаш ҳамда амалиётга татбиқ қилиш, стартап лойиҳалари ҳамда дастурлар ишлаб чиқиш, бизнес тренинглар, маҳорат дарсларини ташкил этиш орқали иқтисодчи кадрлар нафақат назарий, балки амалий кўникмаларга ҳам эга бўлмоқдалар.
Рамзий лента қирқиш тадбиридан сўнг рақамли дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича тадқиқот олиб бораётган кафедра илмий изланувчилари томонидан амалга оширилган тадқиқот ва инновацион лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Лабораторияда профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчилар ва талабалар бевосита “Microsoft” компанияси дастурларидан фойдаланиш имконига эга бўладилар. Шунинг билан бирга, сунъий интеллект соҳасида назарий ва амалий билимларини такомиллаштириш, илмий тадқиқотлар сифати ва мазмунини оширишга эришадилар.
Маълумки, замонавий сунъий интеллект турли амалларни бажаришга мўлжалланган алгоритм ва дастурий тизимлардан иборат бўлиб, инсон онги бажариши мумкин бўлган бир қанча вазифаларни ахборот базасига киритилган маълумотлар асосида амалга оширади. Шунингдек, сунъий интеллект мураккаб таҳлиллар ва катта маълумотлар билан ишловчи дастурларни ўз ичига олиб, мантиқли изчил мулоҳаза қилиш ҳамда тавсия бериш қобилиятига эга “ақлли” технология ҳисобланади. Мутахассислар томонидан сунъий интеллектга тўртинчи саноат инқилобининг асоси сифатида қаралмоқда.
Мутахассислар фикрича, аҳолини ижтимоий химоя қилишнинг асосини ижтимоий ёрдам, ижтимоий суғурта ва бандлик билан боғлиқ дастурлар ташкил қилади. Тадбирнинг иккинчи қисмида “Microsoft” (Дания) компаниясининг “Сунъий интеллект архитектураси” департаменти бошлиғи Умид Ахмедов томонидан ушбу мавзу бўйича маҳорат дарси ташкил этилди.
Кредит модул тизими бўйича бакалавриатнинг “Ахборот тизимлари ва технологиялари” ва “Рақамли иқтисодиёт” таълим йўналишларининг ўқув режасига “Сунъий интеллект” фани алоҳида фан сифатида киритилди. “Иқтисодиётда ахборот технологиялари ва тизимлари” магистратура мутахассислиги ўқув режасига эса “Сунъий интеллект ва нейротехнологиялар” фани алоҳида фан сифатида киритилди ва Силлабус ишлаб чиқилди. “Microsoft” компанияси билан “Сунъий интеллект” ва “Big Data” бўйича Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари учун доимий онлайн курсларни ташкил этиш бўйича келишув амалга оширилаяпти.
Шунингдек, сунъий интеллект ва уни қўллаш технологиялари асосида ўқитиш бўйича киритилаётган ўқув фанлари ўрганилиб, хорижий эксперт сифатида “Microsoft” компаниясининг “Сунъий интеллект архитектураси” департаменти бошлиғи Умид Ахмедов жалб этилди.
Мазкур ўқув-илмий лабораториянинг ташкил этилиши бакалавриат ва магистратуранинг ўқув режасига мувофиқ киритилган “Сунъий интеллект 1, Сунъий интеллект 2” ҳамда “Сунъий интеллект ва нейротехнологиялар” фанлари бўйича дарс машғулотларини чуқурлаштириб ўргатиш имконини беради.
Шу ўринда алоҳида айтиб ўтиш керакки, “Microsoft” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатли органи билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва бу орқали Рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари кафедраси қошидаги “Рақамли трансформация” ўқув-илмий лабораторияси учун лицензия олиш борасида музокаралар олиб борилаяпти. Бунинг натижасида сертификатга эга бўлган тингловчилар халқаро меҳнат бозорида фаолият олиб бориш имкониятини қўлга киритадилар.
Д.Маматова, ЎзА