Пойтахтимизда “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан “Рақамли трансформация даврида гендер тенглигини таъминлаш: муаммо ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Тадбирда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер сиёсатини такомиллаштириш, аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Бу йўналишда қабул қилинган кўплаб ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Аҳамиятга молик жиҳати, бу борада халқаро рейтинглардаги натижалар яхшиланмоқда. Хусусан, “Глобал гендер тафовут” индексининг 2025 йилги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 148 та давлат орасида 0,678 балл билан 110-ўринни эгаллади. Ўзбекистон таълим кўрсаткичи бўйича рейтингда 87-ўриндан 43-ўринга кўтарилиб, бир йил ичида 44 поғонага юқорилади. Ўзбекистон сиёсий вакиллик субиндекси бўйича 89-ўриндан 82-ўринга кўтарилиб, 7 поғонага юқорилади ва минтақада 20 фоиздан юқори даражага ютуқларга эришган давлатлар қаторида қайд этилди.
Сўнгги тадқиқотларга кўра, агар глобал миқёсда рақамли гендер тафовути бартараф этилса, 2030 йилга келиб дунё ялпи ички маҳсулотини 1,5 триллион АҚШ долларига оширишга, 2050 йилга келиб эса 30 миллион хотин-қизларни қашшоқликдан чиқаришга ёрдам бериш мумкин.
[gallery-26410]
Рақамли технологиялар аёллар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Хусусан, масофавий меҳнат, онлайн таълим, рақамли тадбиркорлик, IT ва STEAM соҳаларидаги юқори даромадли касблар шулар жумласидан. Бироқ айни пайтда рақамли тафовут, рақамли саводхонликдаги фарқлар, онлайн зўравонлик, кибер таҳдидлар, дискриминацион контент ва стереотиплар кучайиб бораётгани ҳам ҳақиқат.
Демак, рақамли трансформация даврида гендер тенглигини таъминлаш масаласига “фақат имкониятлар” эмас, балки “хатарлар ва уларга қарши механизмлар” нуқтаи назаридан ҳам қараш шарт.
Анжуман ана шу масалаларни илмий асосда таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни очиқ муҳокама этиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди. Бу жараёнда давлат бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес вакилларининг ҳамкорлиги ғоят муҳим.
25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш халқаро куни сифатида нишонланади. Ушбу сана БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрда қабул қилинган 54/134-сонли резолюциясига биноан халқаро кун сифатида эътироф этилган бўлиб, 25 ноябрдан 10 декабргача давом этадиган 16 кун мобайнида барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши хабардорликни ошириш бўйича кенг қамровли тадбирлар ўтказишга чақирилган. Ушбу конференция ҳам шу 16 кунлик тадбирлар доирасида ўтказилмоқда.
"Оила ва гендер" илмий-тадқиқот институти томонидан гендер индекслар бўйича мақсадли тадқиқотлар амалга оширилди. Жумладан, 15 дан ортиқ халқаро гендер индексларнинг методологияси, ҳуқуқий асослари ва омиллари ўрганилди. 50 га яқин индикаторлар тизимли таҳлил қилинди ҳамда асосий гендер индекслар кесимида 10 га яқин услубий материаллар ва рисолалар нашр этиш йўлга қўйилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда илк бор “Гендер индекслар каталоги платформаси ва мобил иловаси” ишлаб чиқилди, натижада индикаторларни ягона электрон платформада жамлаш, визуализация қилиш ва кенг жамоатчиликка тақдим этиш тизими шакллантирилди.
Анжуман рақамли трансформация жараёнида гендер тенглигини амалга оширишга қаратилган муҳим илмий-амалий платформа бўлиб хизмат қилди.
Н.Усмонова, Ў.Ҳайитов (сурат), ЎзА