Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Рақамли Тошкент”: истиқбол ва режалар
17:33 / 2021-05-24

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “Рақамли Тошкент”: истиқбол ва режалар” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Президентимизнинг 2020 йил 17 мартдаги “Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Рақамли Тошкент” комплекс дастури доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Мазкур дастур доирасида 30 дан ортиқ ахборот тизимларини яратиш ҳамда уларни ягона платформага интеграция қилиш асосий вазифа этиб белгиланган. Ушбу вазифалар ҳокимлик таъсисчилигидаги Рақамли ривожланиш департаменти томонидан амалга оширилмоқда.  

Таъкидланганидек, дастур доирасида телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Тошкент шаҳридаги 316 та мактаб, 463 та мактабгача таълим, 167 та соғлиқ сақлаш муассасаси ҳамда 524 та маҳалла фуқаролар йиғинига оптик толали алоқа линиялари тортилди ва юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Шунингдек, “Ягона электрон тиббий карта”, “Электрон поликлиника”, “Электрон рецепт” ҳамда “Лаборатория” ахборот тизимларини тўлиқ ишга тушириш ва улардан самарали фойдаланиш, биринчи навбатда, пойтахтимиздаги барча тиббиёт муассасаларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, замонавий компьютер ва бошқа техника воситалари билан таъминлаш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 9 миллиард сўм маблағ ажратилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бугунги кунда харид ишлари амалга оширилмоқда.

- Бундан ташқари, хорижий тажриба асосида Тошкент шаҳрининг географик ахборот-таҳлил тизими (геопортал) яратилди, — дейди Рақамли ривожланиш департаменти директори ўринбосари Шерзод Нортожиев. — Мазкур тизимга жойлаштириладиган маълумотлар, яъни шаҳар ҳудуди бўйича турли хил кўринишдаги (қоғоз, электрон) картографик маълумотлар тўпланиб, ягона стандартга келтирилди ва тўлиқ рақамлаштирилди. Бугунги кунда тизимга вазирлик ва идораларнинг 26 та ахборот тизими ва маълумотлар базаси интеграция қилинди. Мазкур геопортал орқали келгусида ижтимоий объектлар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, йўллар қурилиши, транспорт оқими, аҳоли зичлиги ва демографияси, ёнғинлар, йўл-транспорт ҳодисалари каби маълумотларни олиш ва уларни таҳлил қилиш имконияти яратилади.

Тошкент метрополитенида ҳам аввалги жетон тангалар ўрнини электрон тўлов тизимлари эгаллади. Автотураргоҳларнинг ягона реестрини яратиш ва уларда электрон тўлов имкониятларини жорий этиш мақсадида “Пойтахт авто паркинг” МЧЖ томонидан бозор ва йирик савдо марказлари ҳудудидаги 37 дона автотураргоҳ хатловдан ўтказилиб, уларнинг реестри тузилди. Бугунги кунга қадар “Пойтахт авто паркинг” МЧЖга Тошкент шаҳри бўйича жами 17 та автотураргоҳ бириктирилиб, шундан 10 тасида онлайн тўлов қурилмалари ишга туширилди.

Айни пайтда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан ҳамкорликда коммунал хизматлар тўғрисидаги маълумотларни берувчи ҳамда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан электрон ҳамкорликни таъминловчи “Менинг уйим” ягона ахборот тизими ишлаб чиқилмоқда. Тизим жорий йилнинг июль ойида тест тариқасида ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.

Аҳолининг муаммоларини аниқлаш ва таҳлил қилиш, маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш механизмларини жорий этиш мақсадида “Маҳалла” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Мазкур тизим дастлаб Яшнобод туманида синов тариқасида, жорий йилнинг 1 августига қадар қолган туманларда жорий этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, шаҳарда “Ҳавонинг сифати” ахборот тизимини жорий этиш лойиҳаси доирасида инвестиция маблағлари ҳисобига 2 та контейнер қурилмаси олиб келиниб, Чилонзор ва Юнусобод туманларига ўрнатилди. Гидрометеорология хизмати томонидан ушбу қурилмалар ёрдамида ҳавонинг сифати ва экологик муҳит таҳлил қилиб борилмоқда.

Шу билан бирга, Давлат дастури доирасида, шунингдек, бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 10 дан ортиқ ахборот тизимларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Матбуот анжумани доирасида журналистлар “Рақамли Тошкент” вазиятларни бошқариш маркази фаолияти билан танишди.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА,  

ЎзА мухбири