Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли технологиялар вазирлигининг ахбороти эшитилди
17:06 / 2025-07-25

Бугун ҳаётимизни ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ахборот технологиялари ва рақамлаштириш барча соҳа ва тармоқларга жадал кириб бормоқда. Бу борада “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси ишлаб чиқилиб, унда соҳадаги устувор вазифалар белгилаб берилган. Бугунги кунда ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида кўплаб давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилди. Жумладан, 2025 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 54 та янги электрон хизматлар жорий этилиб, жами хизматлар сони 761 тага етказилган.

Бу ҳақда парламент қуйи палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган эшитувда айтиб ўтилди. Унда “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг 2025 йилга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Рақамли технологиялар вазирлигининг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг 2025 йилга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларига эришиш доирасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2025 йил январь — май ойларида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ўсиш суръати 123,5 фоизни ташкил этди. АКТ соҳасида ўзини-ўзи банд қилганлар сони деярли 100 минг нафардан ошди. IT ва масофавий хизматлар экспорти географияси ҳам кенгайтирилиб, 90 дан ортиқ давлатларга хизматлар кўрсатилмоқда.  

Йиғилишда кейинги йилларда жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган сунъий интеллект технологияларининг Ўзбекистондаги ривожланиш даражаси хусусида ҳам сўз юритилди. Маълум қилинишича, вазирлик томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида сунъий интеллектга асосланган 1 миллион доллар миқдоридаги юқори самарали, замонавий сервер қурилмалари (GPU кластер) харид қилинган.  

Шунингдек, Тошкент метрополитенида сунъий интеллект тизимининг компьютер нигоҳига асосланган “MyID Palm” кафт орқали тўлов тизими жорий этилган. Бундан ташқари, Стратегияга мувофиқ, 100 дан ортиқ лойиҳалар рўёбга чиқарилган.

Муҳокамаларда депутатлар ягона порталда янги электрон хизматлар жорий этиш орқали уларнинг сонини ошириш, сунъий интеллектга асосланган дастурларни ишлаб чиқиш учун зарур бўлган юқори самарали, замонавий сервер қурилмаларини ишга тушириш каби масалаларга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидладилар.  

“Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида самарали амалга ошириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА