Бугунги кунда мамлакатимизда IT соҳасидаги олий таълим муассасалари сони 60 тадан ошди. Уларда таҳсил олаётган талабалар сони 50 мингдан зиёд.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан “Ёшлар бандлиги дастурлари” ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги брифингда бу бўйича тўлиқ маълумот берилди.
Вазирлик тизимидаги IT олий таълим муассасалари, масалан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг 6 та филиали, Тошкент шаҳридаги Инха ва Амити университетлари томонидан 35 дан ортиқ мутахассислик бўйича 29 минг нафардан ортиқ олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда.
Шунингдек, 2022 йилда “EPAM Systems” халқаро IT компанияси билан ҳамкорликда биринчи онлайн шаклдаги “IT Park University” рақамли университети фаолияти йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, Қоракўл IT-кластерини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 июлдаги қарори қабул қилинди. Ушбу кластерда 2023/2024 ўқув йилидан IT йўналиш бўйича Бухоро вилоятида Ҳиндистон билан ҳамкорликда Acharya университети ташкил этилди.
—Бугунги кунга қадар Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда вазирлик тизимидаги ташкилотларга 370 дан ортиқ ёш ишга қабул қилинди, — дейди рақамли технологиялар вазирининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Фазлиддин Анваров. — Ёшларнинг IT кўникмаларини шакллантириш, уларни замонавий касбларга ўқитиш ва таълимни рақамлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг навбатдаги босқичини амалга ошириш мақсадида ёшларга uzbekcoders.uz платформаси орқали АҚШнинг “Coursera” компаниясининг онлайн таълим ресурсларидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Ушбу лойиҳа доирасида 2023–2025 йилларда 1,2 миллион нафар ёш 8 та йўналишдаги онлайн курслардан бепул таълим олиш имконига эга бўлишади.
Бугунги кунда uzbekcoders.uz сайти орқали “Coursera” платформасидан рўйхатдан ўтган ўқувчилар сони 316 минг 325 нафар, улардан 314 минг нафари актив ўқиётган ўқувчилар ҳисобланади. Ўқувчиларнинг 162 минг 901 нафарини эркаклар, 153 424 нафарини аёллар ташкил этади.
IT соҳасидаги ўқув курсларида таҳсил олаётган ёки ушбу ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган 15 минг нафардан ортиқ ёшларга компьютер харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилди.
Аҳолининг рақамли кўникмаларини ошириш мақсадида республика бўйича 205 та рақамли технологиялар ўқув марказларида 400 га яқин янги иш ўрни яратилган бўлиб, уларда ҳозирги кунга қадар 195 минг нафардан ортиқ тингловчилар малакасини оширди. Шундан, 39 минг нафардан ортиғи давлат хизматчиларидир.
Шунингдек, тадбир давомида иқтидорли ёшларни саралаш, қўшимча ўқитиш ҳамда халқаро меҳнат бозорига тайёрлаш тизимини жорий этиш юзасидан қилинган ишлар хусусида ҳам фикрлар билдирилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА