Бугун ахборот технологиялари жадал суръатлар билан ривожланаётган бир даврда, ходимларнинг фақат касбий билим ва кўникмаларини ошириш эмас, балки уларнинг жисмоний ҳолати, соғлом турмуш тарзи ва жамоавий ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу маънода тармоқда фаолият юритаётган ходимлар ўртасида спорт мусобақаларининг ўтказилиши нафақат соғлиқни мустаҳкамлайди, балки фидойилик, бирлик ва тартиб-интизом каби муҳим қадриятларни шакллантиради.
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги “Cyber University” спорт залида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамкорлигида футзал бўйича 25-кўчма Кубок мусобақаси ўз поёнига етди.

Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан келган корхоналардан жами 16 та жамоа таркибида 160 нафар ходим иштирок этди. Мусобақа вазирлик тизимида фаолият юритаётган мутахассислардан тузилган терма жамоалар ўртасида ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда республика босқичига тайёргарлик доирасида ўтказилди. Мусобақани юқори савияда ташкил этиш учун барча зарур шароитлар яратилгани қайд этилди.

Мусобақа ғолибларига мукофотлар рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов томонидан топширилди.
Қайд этилганидек, бу каби мусобақалар ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жамоавий руҳни мустаҳкамлаш, шунингдек, рақамли технологиялар соҳаси корхоналари ўртасида дўстона алоқаларни кучайтиришга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА