Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли технологиялар вазирига парламент сўрови юборилди
12:30 / 2023-10-31

Парламент қуйи палатаси мажлисида рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматовга “Республика аҳоли яшаш пунктларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Депутат Бахтиёр Маниёзов ушбу сўровни юборишнинг қандай зарурати борлиги ҳақида қуйидагиларни таъкидлади: 

— Бугунги кунда аҳоли яшаш пунктларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш доирасида республика бўйлаб оптик толали алоқа линиялари ётқизилмоқда, мобиль алоқа операторлари томонидан қўшимча база станциялари ўрнатилмоқда. Соҳадаги ютуқлар билан бирга, қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам талайгина. Бугунги кунда 100 га яқин олис ва бориш қийин бўлган аҳоли яшаш пунктларига телекоммуникация тармоқлари етиб бормаган ва халқаро аҳамиятга эга автомагистрал йўллар тўлиқ мобиль интернет билан таъминланмаган. Телекоммуникация хизматларини аҳолига тақдим этишда давлат тилига тўлиқ риоя этилмаслик ҳолатлари аниқланмоқда. Аҳолининг сифатли телекоммуникация хизматларига бўлган талабининг ошиб бориши ҳамда Ўзбекистонни минтақавий “IT” марказга айлантириш борасида белгилаб берилаётган вазифалар телекоммуникациялар йўналишида кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.  

Янгиланган Конституциямизнинг 33-моддасида давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратилиши белгилаб берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида республика ҳудудларида телекоммуникация инфратузилмаси ва мобиль алоқа тармоқларини ривожлантириш бўйича "йўл харита"лари тасдиқланди. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам барча аҳоли пунктларини интернет билан тўлиқ қамраб олиш ва унинг тезлигини 10 баробар ошириш, халқаро интернетга уланиш тезлигини 5000 Гбит/с.га етказиш, оптик толали алоқа линиялари ва кенг полосали маълумот узатиш тармоқларининг қамровини 100 фоизга етказиш сингари вазифалар белгилаб берилди. Бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш лозим. Шу боис, ушбу йўналишда қилиниши зарур бўлган ишлар бор. Ушбу сўровнинг юборилиши, албатта, соҳадаги ишларни жадаллаштиришда муҳим аҳамиятга эга, — деди депутат.

Шунингдек, ЎзМТДП фракцияси раҳбари А.Қодиров, депутат Д.Ғаниев соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида тўхталиб, вазирга юбориладиган ушбу сўров долзарб эканлигини таъкидлади.    

Билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматовга “Республика аҳоли яшаш пунктларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.  

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА