Бугун пойтахтимизда ўтказилган халқаро анжуман “Рақамли технологиялар объектлари энергия таъминотини ривожлантиришнинг замонавий муаммолари ва истиқболлари” мавзусига бағишланди.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва “Science and innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижлик олимлар, тадқиқотчилар иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, бунда барча тармоқлар қаторида рақамли технологиялар объектлари энергия таъминотини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли, анжуманда Ўзбекистон, АҚШ, Россия, Арманистон, Норвегия, Қирғизистон каби қатор давлатларнинг олимлари, профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар мазкур масалалар юзасидан фикр алмашди.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Бахтиёр Маҳкамовнинг қайд этишича, ушбу анжуман барча иштирокчи олимлар учун ҳар томонлама амалий аҳамият касб этади.
–Бугун 20 дан ортиқ давлатдан келган олимлар мавзу доирасида ўз тадқиқотлари билан ўртоқлашади. Албатта, бундай илмий алоқалар бевосита юртимиздаги ислоҳотлар ва амалдаги очиқлик ва шаффофлик сиёсати билан боғлиқ. Иштирокчилар рақамли технологиялар объектлари энергия таъминотини ривожлантиришнинг замонавий муаммолари ва истиқболлари ҳақида баҳс-мунозара қилиб, бу борада тажрибаларини бўлишди. Ўз навбатида, университетимизда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қиймати 2,3 миллион евро бўлган лойиҳа бўйича университетимиз Европа университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Бу каби лойиҳалар, тадқиқотлар натижалари Ўзбекистон илм-фани учун яхши натижа беради, – деди Б.Маҳкамов.

Айтиб ўтилганидек, халқаро анжуманга хорижий давлатлардан 40 га яқин, юртимиз олимлари томонидан 300 дан ортиқ мақола юборилган ва улардан 130 таси қабул қилинган. Анжуманга қабул қилинган ҳар бир мақола учун DOI рақам олинган ва бир нечта халқаро базаларда индексланди. Хусусан, Польшанинг “Index Copernicus”, Европанинг “Zenodo” ҳамда “Open Aire”, Россиянинг “Cyberleninka”, Англиянинг “Europub” базаларига жойлаштирилди ва “Google” академия илмий қидирув тизимида индексланди. Мақолалар “Science and innovation” халқаро илмий журналининг махсус сони сифатида нашр қилинди. Аҳамиятлиси, халқаро базаларда индексланган ушбу илмий материаллардан дунёнинг кўплаб давлатларидаги илмий тадқиқотчилар фойдаланиш имкониятига эга.
Анжуманда америкалик олим Рассел МакМахон “Амалий импровизация ва сунъий интеллект усулларидан фойдаланиш, ижодий муаммоларни ҳал қилиш ва жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантириш” мавзусидаги маърузаси билан қатнашди.

–Мен халқаро анжуманларда халқаро мулоқотларни йўлга қўйиш мавзуларида кўп бора маъруза қилганман. Бугунги мавзу бўйича эса илк бор қатнашдим. Дарҳақиқат, сунъий интеллект ривожланмоқда ва уни жуда кўплаб соҳаларда ишлатиш мумкин. Бу асосан жамоа билан ишлаётганда қўл келади. Сабаби, сунъий интеллект одамларга қараганда тезроқ ва аниқроқ ишлай олади. Масалан, юзага келаётган муаммоларни одамларга нисбатан тезроқ ҳал қилиб бера олади. Дейлик, ёнғинни ўчириш жараёнларида сунъий интеллект тез хулоса қабул қилади. Шунингдек, бизнес ва бошқа соҳаларда ҳам сунъий интеллект муҳим ҳисобланади. Иштирокчиларга айнан шу мавзуда маълумотлар бердим ва улар билан бу борада мулоқот қилдим, – деди америкалик олим.
Анжуманда муҳокама қилинган масалалар нафақат янги тадқиқотларга замин яратади, балки турли мамлакатлар иштирокчилари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Бундай тадбирлар замонавий дунёнинг мураккаб муаммоларини ҳал қилишда янги ёндашувларни шакллантиришда асосий роль ўйнайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА