Бугунги кунда Ўзбекистонда кўзи ожизлар рақамли хизматлардан қай даражада фойдаланяпти?
Уларни IT соҳасига жалб этишда қандай тўсиқлар мавжуд?
Рақамли меҳнат бозорида кўзи ожизлар учун қайси касб ва йўналишлар энг мақбул?
Ушбу саволларга Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси Мирали Ғиёсов ўз тажриба ва кузатувлари асосида жавоб берди:
—Ахборот технологиялари мен ва мен каби кўзи ожиз инсонлар учун ҳаётда гўёки ёруғликдир. Чунки биз компьютер ва смартфонлар орқали китоб мутолаа қиламиз, илмий тадқиқотлар олиб борамиз ва кундалик ишларимизни бажарамиз. IT технологиялар бугунги кунда кўзи ожиз инсонларда мавжуд бўлган кўплаб чекловларни деярли бартараф этиб бера оладиган даражага етди.
Масалан, расмли маълумотларни сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш, видео режимни ёқиб атроф-муҳитдаги овозларни қабул қилиш имкониятлари мавжуд. Шунингдек, кўчада ҳаракатланиш пайтида навигаторлар ва электрон карталар ҳаётимизни анча енгиллаштирмоқда. Айтиш мумкинки, бугун компьютер технологияларисиз кўзи ожиз инсонлар ҳаётини тасаввур қилиш жуда қийин.
Кўриш бўйича ногиронлиги бўлган ҳар бир инсон, хоҳ компьютердан, хоҳ телефондан фойдалансин, нутқ синтезаторлари орқали ахборот олади. Экранда чиққан ҳар бир ёзув, ҳарф ёки хабар биз учун овоз орқали ўқиб берилади. Бу рақамли хизматлардан фойдаланишда жуда катта қулайлик яратади.
Афсуски, 2023 йилгача Ўзбекистонда ўзбек тилидаги нутқ синтезаторлари мавжуд эмас эди. Биз барча маълумотларни асосан рус тилидаги дастурлар орқали олишга мажбур бўлардик. Бу эса таълим олиш, ишлаш ва рақамли хизматлардан тўлиқ фойдаланишда қатор қийинчиликларни келтириб чиқарар эди.
Шу муаммони ҳал этиш мақсадида дўстим Абдулазиз Салимов билан биргаликда Тошкент шаҳри кўзи ожизлар маркази ҳамкорлигида махсус лойиҳа ишлаб чиқдик. Лойиҳа доирасида ўзбек тилидаги нутқ синтезаторларини яратдик. Бу ташаббус кўзи ожиз инсонларнинг рақамли муҳитга мослашувини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Суҳбатнинг тўлиқ қисми ЎзАнинг You Tube саҳифасига жойланган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6XkqLIQ8t2k" title="Raqamli texnologiyalar ko‘zi ojizlar hayotini yengillashtiryaptimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова, Ойбек Давронов (видео), Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА