Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар
17:28 / 2025-05-29

Рақамли технология бугун ҳаётимизнинг барча жабҳасида муҳим саналади. Бу муҳимликни ривожлантириш борасида унга қарши таҳдидлар, тўсиқлар ҳам бўлиши табиий. Чунки ҳар қандай янгиликни ҳаётга тадбиқ этиш осон бўлмайди. Шу боис, IT соҳасини ҳуқуқий ҳимоя қилишни даврнинг ўзи тақозо этяпти.

Тошкентда 29-30 май кунлари бўлиб ўтаётган “Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форуми ҳам ҳуқуқ соҳасидаги энг йирик халқаро мутахассисларни бир жойга жамлади. 

Тадбирнинг асосий мавзуси – “Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар” бўлиб, жаҳон юридик ҳамжамиятини рақамлаштириш жараёнидаги янги таҳдидлар ва имкониятларни муҳокама қилишга қаратилган.

Форумда 1 минг 200 нафарга яқин иштирокчи, шу жумладан 150 нафарга яқин хорижий спикер ва расмийлар, 40 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлардан мутахассислар қатнашмоқда.

Бугун анжуман доирасида ташкил этилган “Рақамли технологияларнинг инсон ҳаётига таъсири ва уларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш” мавзусидаги панел сессиясида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этиб, нутқ сўзлади.

ؙ—Бизнинг вазирлигимиз миссияси – рақамли трансформация орқали халқимизнинг ҳаётини яхшилаш. Мақсадимиз юқори маошли иш ўринларини яратиш ва даромад топиш имкониятларини ошириш. Биз одамларни чет элга юбориш ўрнига, ўша иш ўринларини Ўзбекистоннинг ўзига олиб келишни хоҳлаймиз, – деди вазир ўз нутқи давомида.

Форумда ҳуқуқий жараёнларни автоматлаштириш, смарт-шартномаларни жорий этиш, киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамли медиация ва суд экспертизаси борасидаги илғор тажрибалар ўрганилмоқда.

Форум бевосита ҳуқуқий соҳада фаолият юритувчи амалиётчилар, қонун чиқарувчи органлар ва илмий тадқиқотчиларни бир мақсад – рақамлаштириш шароитида адолат, қонунийлик ва ҳуқуқий барқарорликни таъминлаш йўлида бирлаштиради.

Муҳим жиҳати унда технологик инқилоблар натижасида ҳуқуқ соҳасида юзага келаётган муаммоларга халқаро ва хорижий мутахассислар томонидан ечимлар таклиф этилиши ва шу асосда Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотларни янада тезлаштириш имконияти яратилишида намоён бўлади.

Н.Раҳмонова, ЎзА