French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли таълимда халқаро ҳамкорлик
21:02 / 2026-03-01

Рақамли таълим жараёнида халқаро ҳамкорлик алоқалари муҳим. Жумладан, Наманган шаҳридаги "Синергия" рақамли касблар техникуми Президентимизнинг 2024 йил март ойидаги Наманганга ташрифи чоғида берган тавсияси асосида Наманган вилояти ҳокимининг Россия Федерациясига хизмат сафари давомида “Синергия” университети билан икки давлат стандарти асосида ишловчи рақамли касблар техникумини ташкил этиш бўйича келишувига биноан 2024 йил декабрь ойида ўз фаолиятини бошлади.

"Синергия" рақамли касблар техникуми Россия Федерациясининг Якутия ўлкасидаги "Синергия" рақамли касблар коллежи ҳамда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани агросаноат техникуми ўзаро қўшма таълим дастури асосида ташкил этилган бўлиб, замонавий таълим технологияларига асосланган, амалиётга йўналтирилган ўқитиш методларини жорий этувчи инновацион таълим муассасаси ҳисобланади. 

– Таълим масканимизда ёшлар замонавий ахборот коммуникация технологиялари йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислардан билим олади, стартап ва амалий лойиҳалар устида ишлайди ҳамда бозор талабига жавоб берадиган касбий кўникмаларга эга бўлади, – дейди Россия Федерациясининг “Синергия” корпорацияси президентининг Ўзбекистон бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Охунбобоев.

 

– Техникум битирувчиларига Ўзбекистон ва Россия стандарти асосида бешинчи даражали дипломлар тақдим этилади. “Синергия Наманган” таълим маркази ўз олдига инновациялар, рақамли таълим ва замонавий ахборот технологияларини ўрганиш орқали ёш авлоднинг касбий ўсишини таъминлаш, мамлакатнинг АКТ салоҳиятини мустаҳкамлаш ва рақобатбардош, бозор талабларига мос, рақамлаштириш жараёнларида фаол иштирок эта оладиган юқори малакали кадрларни етиштиришни мақсад қилган. 

Техникумда ҳамкор университетнинг 700 минг АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция маблағлари ҳисобига моддий-техника базаси яратилди, синф хоналари сўнгги русумдаги ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланди. Мамлакатимизнинг АКТ салоҳиятини ошириш, рақамлаштириш бўйича рақобатбардош юқори малакали кадрлар етиштириш йўлидаги жадал ва қизғин изланишлар бир йил ўтмай қувончли натижалар берди. Халқаро таълим марказида дастурлаш, ахборот хавфсизлиги, сунъий интеллект, тармоқ админстраторлиги каби 15 йўналишда таълим олаётган 360 нафар йигит-қиз лойиҳа ижодкорлигида, қолаверса, ўқув хоналаридаги шароит, замонавий таълим жараёнлари туфайли таълимда шаҳдам қадамлар ила салмоқли ютуқларга эришаётганлигини эътироф этиш жоиз. Масалан, ўқув юрти вакиллари ўтган 2025 йилда Тошкент шаҳрида 60 дан ортиқ жамоалар иштирокида ўтказилган халқаро “Blockchain Hackathon” мусобақасида фахрли учинчи ўринни қўлга киритди. 

Дастурчи талабалар яратган 250 минг долларлик ишланмалар Қозоғистон ва Беларусь давлатларига экспорт қилинди. Буни техникумнинг амалий ўқув услублари самараси сифатида баҳолаш мумкин. Таъкидлаш жоизки, айни вақтда техникум талабалари ахборот коммуникация технологияларининг бир қатор истиқболли лойиҳаларида иш олиб бормоқда. Жумладан, Кирилл Исхаков “Frontend” бўйича таълимий платформа;

Эмир-Саид Сайдазимов ахборот хавфсизлиги йўналишида ўқитиш ва амалий машғулотлар ўтказиш учун мўлжалланган таълимий веб-платформаси (веб-сайт); 

Элбек Жўрахонов автомойхоналардаги ишлар ҳисобини юритиш дастури (бу кўрсатиладиган таъмирлаш ишларини визуал бошқариш, жараёнларни назорат қилиш имконини беради);

Билолиддин Нормирзаев нейрон тармоқ асосида алгебраик формулаларни тушунтириш ва уларни ечиш усулларини тақдим этувчи дастур; 

Муроджон Абдужабборов сервер архитектурасидаги эҳтимолий таҳдидларни таҳлил қилиш тизими ва тармоқ канали хавфсизлигини таъминлаш функционали; 

Сарвар Ҳакимов қурилмалар ўртасида хавфсиз алоқа каналини таъминловчи платформаларни ишлаб чиқмоқда. Бундай изланишлар талабаларга ҳам амалиёт, ҳам тажриба сифатида олган билимларини қўллашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур илм даргоҳида барча ёшдагилар учун “Motion Design”, график дизайн, “AI” Нейро-маҳорат, веб-дизайн, “Python”, робототехника каби долзарб ўқув курслари ҳам жорий қилинган.

Хусусан, Наманган вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ҳамкорликда ижтимоий дафтарларда турувчи аёлларни ахборот коммуникация технологиялари бўйича ўқитиш, замонавий касбларга тайёрлаш мақсадида “IT Women” инновацион лойиҳасига старт берилди. 

Ушбу лойиҳада веб-дизайн, мобил иловалар яратиш ва маълумотлар таҳлили каби соҳадаги имкониятлар, замонавий технологиялар, интернет ва рақамли платформа қулайликлари тақдим этилади. Демак, у нафақат билим бериш, балки иштирокчиларда илҳом ва иштиёқ уйғотади ҳамда замонавий АКТ билан яқиндан таништиради. Келгусида “Синергия” университети раҳбарияти томонидан Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ҳам филиал очиш режалаштирилган. Шунингдек, техникумга умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари билан бир қаторда 9-синфни тугатган ёшларни қабул қилиш ҳам кўзда тутилган. 

Шунингдек, келгусида техникумда интеллектуал интеграциялашган тизимлар; анимация ва анимацион фильмлар; график дизайнер; қўшимча (аддитив) технологиялар; реклама (интернет-маркетинг) каби янги таълим йўналишларини очиш белгиланган. Мухтасар айтганда, қулай имкониятлар макони саналган “Синергия” техникумида ҳар бир талаба ўз кучига ишониб, технологиялар ёрдамида ўзига келажак яратади. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА