Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Рақамли суд” — одиллик ва шаффофлик сари қатъий қадам
16:57 / 2025-11-24

Юртимизда сўнгги йилларда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ичида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, адолат – давлат барқарорлигининг асосий пойдевори, инсон ҳуқуқларининг энг ишончли кафолати ҳисобланади. Бугун ҳар бир фуқаро судга мурожаат қилишда ўзининг ҳуқуқи таъминланишига, унинг иши холис ва қонуний тарзда кўриб чиқилишига ишониши керак. Шунинг учун ҳам Конституциямизда ҳар кимнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи мустаҳкам кафолат сифатида белгилаб қўйилган.

Айни вақтда бу ҳуқуқни амалий жиҳатдан таъминлаш, аҳолининг судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш, суд ишларини юритишда тезлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида мамлакатимизда кенг кўламли рақамлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон фақат малака ва кадрлар масаласини эмас, балки судлар фаолиятига замонавий рақамли технологияларни, жумладан сунъий интеллектни жорий этиш бўйича янги стратегик вазифаларни белгилаб берди. Мазкур фармон негизида ишлаб чиқилаётган “Рақамли суд” концепцияси суд тизими учун тамомила янги босқични бошлаб бермоқда.

Асосий мақсад суд ишларини қоғозсиз, ортиқча бюрократиясиз, тезкор ва шаффоф ҳолда онлайн юритишдир. Бу, аввало, фуқаро ва тадбиркорларга катта қулайлик яратади. Энди судга ариза бериш учун қоғоз тўлдириб, маълумот тўплаб, ариза қабул қилиш хонасида навбатда туриш талаб этилмайди. Аризалар электрон шаклда юборилади, сунъий интеллект аризанинг судга тааллуқлилигини ўзи аниқлайди, ишни қайси суд кўриши лозимлигини белгилаб беради. Энг қизиғи, сунъий интеллект суд муҳокамасининг тахминий натижасини ва сарф-харажатлар ҳисобини дастлабки тарзда шакллантириб, фуқарога олдиндан маълум қилади.

Шу билан бирга, “Рақамли суд”нинг жорий этилиши суд жараёнларида шахсий иштирокни ҳам мажбурий шартидан чиқариб юборади. Ишда иштирок этувчи томонлар суд биносига келмасдан туриб, видеоконференция орқали масофадан иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Бу нафақат вақтни тежайди, балки тадбиркорлар, меҳнат маҳсулдорлиги юқори бўлган фуқаролар учун ҳам амалий жиҳатдан катта афзалликдир. Суд ҳужжатлари, далиллар, аризалар ва материаллар билан онлайн тарзда танишиш имконияти эса шаффофликни таъминлайди, “пинҳона” ёки бир томонлама маълумот алмашиш имкониятларини йўққа чиқаради.

Яна бир қатор муҳим янгиликлардан бири, ижро варақаларининг автоматик тарзда ижрога юборилиши. Суд қарори чиққандан сўнг, уни ижро этиш учун алоҳида ҳужжат тайёрлаш, идорадан идорага юриш, қабулхона ёки кўмак марказларига мурожаат қилишга эҳтиёж қолмайди. Бу суд қарорининг ҳаётга тезкор татбиқ этилишини таъминлаб, адолатни вақтида қарор топишига хизмат қилади.

Судьялар фаолиятида тўпланадиган маълумотларни автомат тарзда қайта ишлаш, суд мажлиси баённомаларининг реал вақтда сунъий интеллект томонидан тайёрланиши, суд ҳужжатлари лойиҳаларининг автомат яратилиши суд аппаратларининг иш юкини камайтиради, судьяларни ортиқча техник вазифалардан халос қилади. Бу эса судьянинг эътиборини иш мазмунига, ҳуқуқ ва адолатни таъминлашга кўпроқ қаратиш имконини яратади.

“Рақамли суд” концепциясининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ҳуқуқий соҳада янги йўналиш — “Кибер ҳуқуқ” бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилиши. Бу келгуси авлод судьялари ва ҳуқуқшуносларининг рақамли соҳадаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашда, уларни янги давр талабларига мос равишда тайёрлашда муҳим омил бўлади. Шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг рақамли саводхонлигини доимий ошириб бориш, техник инфратузилмани мустаҳкамлаш ишлари ҳам режадан ўрин олган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Рақамли суд” шунчаки электрон тизим эмас. У адолатнинг янги стандартларини белгилайдиган, фуқаро ва тадбиркорнинг судга ишончини янада мустаҳкамлайдиган, суд-ҳуқуқ соҳасини илғор технологиялар билан янада такомиллаштирадиган миллий ислоҳотдир. Ушбу янгиликлар одил судловнинг ҳақиқий мазмунини, унинг халқчил ва очиқ муносабатини амалда намоён этиб, инсон ҳуқуқлари устуворлигини янада мустаҳкамлайди.

Соҳиб Раҳимов,

Сурхондарё вилоят суди судьяси.