French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Рақамли суд” концепцияси тизимда янги босқич бошланганини билдиради
16:43 / 2025-09-13

Жамиятда инсонлар ўртасида ижтимоий, иқтисодий ёки шахсий муносабатлар жараёнида турли низолар ва қарама-қаршиликлар юзага келган вазиятларда фуқаролар учун адолатли, ҳолис ва ишончли қарор қабул қиладиган мустақил маскан суд органларидир.

Жамиятда инсонлар ўртасида ижтимоий, иқтисодий ёки шахсий муносабатлар жараёнида турли низолар ва қарама-қаршиликлар юзага келган вазиятларда фуқаролар учун адолатли, ҳолис ва ишончли қарор қабул қиладиган мустақил маскан  суд органларидир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш, уни инсон ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қиладиган халқчил ва адолатли маскан сифатида қайта ташкил этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, бу жараён фақат ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар билан чекланиб қолмай, балки мазмунан ҳам янгиланмоқда.

Суд тизими ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини, Конституциявий манфаатларини ҳимоя қилувчи, қонун устуворлигини таъминловчи асосий институт ҳисобланади.

Суд – жазоловчи орган эмас, адолат маскани. Яқин ўтмишда судлар фуқаролар онгида кўпроқ жазоловчи орган сифатида қабул қилинган бўлса, бугунги кунда улар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ишончли тузилмага айланмоқда. Маъмурий судлар фаолияти, суд интерактив хизматларининг йўлга қўйилганлиги, оилавий масалаларга ихтисослашган судьялар корпуси шакллантирилгани, инвестициявий низолар бўйича алоҳида судлов таркиби ташкил этилгани шулар жумласидандир.

Ушбу янгиликлар фуқароларга суд орқали ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш имконини кенгайтирди, жамиятда суд тизимига нисбатан ишонч мутаҳкамлана бошлади.

Соҳадаги бу ислоҳотлар давом эттирилиб, эндиликда асосий эътибор суд тизимини рақамлаштириш ва бу орқали фуқароларнинг вақтини тежаш, масофадан кўрсатиладиган хизматлар турини оширишга қаратилмоқда.

"Рақамли суд" концепцияси суд тизимида янги босқичга қадам бўлиши аниқ. Президентимиз томонидан жорий йилнинг 21 август куни имзоланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон суд тизимини рақамлаштиришда янги даврни бошлаб берди, десак адашмаймиз.

Чунки, ушбу фармон асосида суд ишлари тўлиқ электронлаштирилади. Суд мажлисларини видеоконференцалоқа тизими орқали масофадан ўтказиш имкониятлари янада кенгаяди. my.sud.uz порталида фуқаролар учун зарур бўлган ҳуқуқий ёрдам хизмати фаолият юритади. Суд мажлислари баённомалари реал вақтда тайёрланади. Шунингдек, фуқаролар эндиликда судга электрон тарзда мурожаат қилиш, ҳужжатлар юбориш, иш ҳолатини кузатиш имконига эга бўлади.

Айниқса, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш орқали суд харажатларини ҳисоблаш, суд муҳокамасининг тахминий натижасини олдиндан таҳлил қилиш имкониятлари яратилаётгани жаҳон амалиётида ҳам эътироф этилган илғор тажрибалар қаторидадир.

Суд тизими учун қулай инфратузилма яратиш бугунги замоннинг муҳим талабларидан бири ҳисобланади. Чунки нафақат судья ва суд ходимлари, балки судга мурожаат қилиб келган фуқаролар учун суд биноларида барча шароитлар мавжуд бўлиши лозим.

Фармонга мувофиқ, суд органлари учун янги бинолар қуриш, мавжудларини капитал таъмирлаш ва замонавий техника билан жиҳозлаш ишлари тизимли йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, судьялар учун хизмат уйлари харид қилиш ва таъмирлаш масалалари ҳам давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу судларда иш сифатига бевосита таъсир этувчи омиллардан бири сифатида аҳамият касб этади.

Юқорида қайд этилган барча янгиликлар шундан далолат берадики, Ўзбекистонда суд тизими жазоловчи орган эмас, адолатни таъминлайдиган ишончли масканга айланмоқда. Суд органлари эндиликда инсон манфаатларини ҳимоя қилувчи, тадбиркорларга ишонч бағишловчи, фуқароларга тенг ҳуқуқлилик асосида муаммоларини ҳал этиш имконини берадиган институт сифатида фаолият юритмоқда.

Суд тизимининг рақамлаштирилиши, сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши, янги таълим муассасаларининг ташкил этилиши ва кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини янги босқичга олиб чиқмоқда.

Президентимиз томонидан белгиланган эзгу мақсадлар  адолатли судловни қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон қадрини юксалтириш йўлида амалий қадамлар сифатида ўз самарасини бериши, шубҳасиз.

Шуҳрат Камолов,

Хоразм вилоят суди раиси.ЎзА