Технологик ривожланиш ва рақамли соҳада халқаро консалтинг хизматларидан фойдаланиш жуда катта афзалликларга эга экани кўпчиликка маълум.
Боиси, халқаро рақамли консалтинг хизматлари стратегик фикрлаш, технологик қарорларни тўғри танлаш ва тезкор ривожланиш имкониятини яратади. Бу эса рақобатбардошликни ошириб, рақамли иқтисодиётда муваффақият қозонишда муҳим роль ўйнайди.

Рақамли технологиялар вазирлигида халқаро консалтинг соҳасининг етакчи компанияларидан бири – McKinsey & Company вакилларининг расмий ташрифи бўлиб ўтди.
Ташриф доирасида меҳмонларга Ўзбекистоннинг рақамлаштириш жараёнлари, AKT инфратузилмаси ва Электрон ҳукумат тизими ҳақида умумий маълумотлар тақдим этилди.

Рақамли трансформация стратегияси, халқаро ҳамкорлик имкониятлари, шунингдек, Ўзбекистонда инвестиция муҳитининг очиқлиги ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашувнинг асосий қисмида McKinsey & Company компаниясининг катта ҳамкори Ермолай Солженицин ва рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар учрашув давомида технологик ривожланиш, рақамли соҳада халқаро консалтинг хизматларидан фойдаланиш имкониятлари, шунингдек, Ўзбекистон ва McKinsey ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.
Меҳмонлар Ўзбекистоннинг рақамли ислоҳотларга бўлган қатъий сиёсати ва халқаро ҳамкорликка очиқлигини юқори баҳолади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА