Рақамли технологиялар вазирлигида ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг ютуқлари ва ташаббусларини эътироф этиш ҳамда уларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида “Yulduz Tech Awards” тақдирлаш маросими ташкил этилди.
Бугунги кунда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда хотин-қизларнинг иштироки тобора ортиб бормоқда. Улар дастурлаш, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, стартаплар ва таълим каби йўналишларда фаол иштирок этиб, мамлакатнинг инновацион тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Мазкур тадбир эса технология соҳасидаги аёлларнинг ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, уларнинг ютуқларини кенг жамоатчиликка намойиш этиш ҳамда ёш қизларни ахборот технологиялари соҳасига кенг жалб қилишга хизмат қилади.

Тақдирлаш жараёнида ахборот технологиялари экотизимида фаол фаолият олиб бораётган 14 нафар хотин-қиз турли йўналишлардаги ютуқлари учун муносиб тақдирланди. Эътиборлиси, тақдирланганлар орасидан 2 нафар иштирокчи жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлишга муваффақ бўлди.

Ғолибларга ҳамкор ташкилотлар томонидан эсдалик совғалари, махсус статуэткалар ҳамда Coursera платформасида бепул таълим олиш имконини берувчи ваучерлар топширилди.

Бундай ташаббуслар ахборот технологиялари соҳасида хотин-қизларнинг имкониятларини янада кенгайтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этиш ҳамда рақамли жамиятни барпо этишда аёлларнинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА