Бугунги кунда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда. Улар нафақат оила ва тарбия масалаларида, балки давлат бошқаруви, илм-фан, иқтисодиёт ҳамда замонавий технологиялар соҳасида ҳам фаол. Айниқса, рақамли тараққиёт шароитида аёлларнинг интеллектуал салоҳияти, ташаббускорлиги ва масъулияти мамлакат келажагини белгилаб берувчи муҳим омиллардан бирига айланмоқда.
Шу маънода, хотин-қизларнинг меҳнатини қадрлаш, уларнинг ютуқларини муносиб эътироф этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани жамиятимизда аёлларга бўлган юксак ҳурмат ва ишончнинг яққол ифодасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.
Мазкур фармонга мувофиқ, Рақамли технологиялар вазирлиги тизимида самарали меҳнат қилиб келаётган, ўз соҳасида юқори профессионаллик ва фидойиликни намоён этаётган етакчи хотин-қизлар юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Жумладан, "Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси" масъулияти чекланган жамияти бош директорининг IT-хизматлар экспортни ривожлантириш бўйича ўринбосари Маҳлиёхон Мухсинова «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланди.
Шунингдек, UZINFOCOM масъулияти чекланган жамиятининг таълим ва HR соҳаларини рақамлаштириш бўйича директори Шаҳноза Абдувоҳидова «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Мукофотланган хотин-қизларнинг кўп йиллик самарали меҳнати, юқори касбий маҳорати ҳамда рақамли трансформация жараёнларидаги фаол иштироки мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, IT-хизматлар экспорт ҳажмини ошириш ва замонавий рақамли инфратузилмани шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, бугунги кунда хотин-қизларнинг IT ва инновация соҳаларида етакчи лавозимларда фаолият юритиши ёш авлод учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Улар ўз меҳнати ва билимлари билан гендер тенглик тамойилларининг амалда таъминланаётганини, хотин-қизлар учун барча соҳаларда тенг имкониятлар яратилаётганини намоён этмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА