Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли қулайликлар — тадбиркор учун имконият
11:59 / 2025-12-22

Жиззах вилоят солиқ бошқармасида якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун янги рақамли имкониятларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этишди.

Анжуманда Жиззах вилоят солиқ бошқармаси раҳбари Бобир Исмоилов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 12 августда қабул қилинган “Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва унинг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берди.

Таъкидланганидек, мазкур қарор тадбиркорлик фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, солиқ ҳисоботларини соддалаштириш, тўлов жараёнларини автоматлаштириш ҳамда фуқаролар учун қонуний, шаффоф ва қулай иш муҳитини яратишга қаратилган.

– Бу қарор, аввало, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун янги иш услубини шакллантиради, – деди Бобир Исмоилов. – Барча хизматларни ягона рақамли платформа орқали олиш имконияти яратилади. Рўйхатдан ўтиш, солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш, ҳисобот ҳамда декларацияларни шакллантириш тўлиқ онлайн тарзда амалга оширилади. Энг муҳими, ортиқча қоғозбозлик, бюрократик тўсиқлар ва коррупцион омиллар кескин қисқаради.

[gallery-26845]

Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб шартномалар ва ҳисоб-китоб ҳужжатлари биометрик идентификация ҳамда СМС тасдиқ орқали электрон тарзда имзоланади ва қоғоз ҳужжатлар билан тенг юридик кучга эга бўлади. Бу эса тадбиркорлар учун вақт ва харажат тежалишини таъминлайди.

Шунингдек, рақамли платформада очиладиган электрон ҳамён тадбиркорлик фаолияти учун тўлиқ банк ҳисобварағига тенглаштирилади. Банк ҳисобварағини очиш эса ихтиёрий бўлиб қолади. Бу янгилик айниқса кичик бизнес субъектлари учун катта енгиллик яратади.

Матбуот анжуманида иш ҳақини тўлашга оид янги механизм ҳам маълум қилинди. Тажриба тариқасида электрон меҳнат шартномаси асосида ходимларга кунлик иш ҳақини “шу куннинг ўзида” тўлаш амалиёти жорий этилади. Бу хизмат кўрсатиш соҳаси ҳамда мавсумий ишлар билан банд бўлган фуқаролар учун айни муддао бўлади.

– Рақамли ечимлар солиқ маъмурчилигини ҳам янги босқичга олиб чиқади, – деди Бобир Исмоилов. – 2026 йилдан қатъий белгиланган солиқ ҳамда айланмадан озод қилиш тартиблари бекор қилиниб, йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган субъектлар учун солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади. Солиқ ҳисоботлари ва тўловлар учун жавобгарлик рақамли платформа операторлари зиммасига юклатилади.

Шу билан бирга, 2026 йилдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар махсус QR-код орқали тўлов қабул қилиши шарт бўлади. Бу тўловларнинг шаффофлигини таъминлаб, яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилади.

Матбуот анжумани якунида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.  

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг мазкур  қарори тадбиркорлик фаолиятини соддалаштириб, фуқароларни қонуний ишлашга рағбатлантиради, кичик бизнесни эса замонавий ва рақобатбардош янги тараққиёт босқичига олиб чиқади.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари