Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли назорат тизимини жорий этиш ёқилғи-энергетика соҳасига нима беради?
19:38 / 2023-06-01

Янги фармон

Ҳисоб-китоб яхши бўлмаган ҳар қандай жойдан барака қочади. Чунки нима қаерга кетаётганининг аниқ йўриғи юритилмаслиги исрофгарчилик ва талон-торожликка йўл очади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йил 24 май куни “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва “рақамли энергоназорат” тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу мамлакатимизда ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш, уларни талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олишда муҳим ҳужжат бўлди.

Дарҳақиқат, бу турдаги ресурсларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, узатиш, сақлаш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш, уларни миқдор жиҳатидан сақлаш жараёнига “рақамли энергоназорат” тизимини тўлиқ жорий этиш долзарб саналади.

Ёқилғи-энергетика соҳасида қонунчилик ҳужжатларининг ўз вақтида ижро этилиши таъминланиши, ресурсларининг сарфланиши ҳамда сифатини доимий ўрганиб бориш бўйича истиқболда қандай ишлар олиб борилади? Ушбу мақолада шу ва мавзуга доир бошқа саволларга жавоб топишга ҳаракат қилинади.

Дунёда аҳоли сонининг ошиши, саноат ривожланиб, иқтисодиётнинг ўсиши ёқилғи-энергия ресурсларига талаб ортишига сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат мамлакатимизда ҳам кузатилаётгани, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш чоралари кўрилаётгани эътиборга молик.

– Фармонда “рақамли энергоназорат” тизимини тўлиқ жорий этиш ҳақида сўз боради. Бу нимани англатади? – дейди Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос. – “Энергоназорат” платформасининг жорий этилиши, энг аввало, тармоқларга ноқонуний уланиш ва ресурсларнинг ноқонуний истеъмол қилиниши бўйича маълумотларни таҳлил қилиш имконини яратади. Айтайлик, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси, ишлаб чиқариш корхонаси каби объектларда ёқилғининг одатдагидан кам сарф этилаётгани аниқланди. Бу ҳолатда янги тизим ўша ерга тегишли назорат ходимларининг эътиборини қаратади. Бунда жамоатчилик назоратининг кўмаги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Платформанинг яна бир муҳим вазифаси ёқилғи-энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, узатиш, сақлаш, тақсимлаш жараёнларининг миқдор жиҳатидан мониторинг қилиб боради. Бу жараёнларда ҳам йўқотишлар кузатилса, тизим уни ҳам тезкор аниқлайди. Зеро, ишлаб чиқариш ва истеъмол бир-бирига мос бўлиши керак.

Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назоратини таъминлашда бир қатор муаммолар сақланиб қолаётган эди. Хусусан, энергетика таъминотида вертикал бошқарув ва идоравий назоратнинг сусайиб кетганлиги, маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан етказиб бергунгача бўлган босқичлар тўлиқ рақамлаштирилмаган. Жараёнларда инсон омили иштироки кўплиги ҳал қилиниши керак бўлаётган масалалардан бири эди.

Шу каби ҳолатлар инобатга олиниб, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш жараёнлари устидан давлат назоратини кучайтириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тегишли топшириқлар берилди.

– Фойдаланилаётган энергия ресурси учун қатъий тўлов тизими йўлга қўйилмагани, ундирувнинг замонавий усуллари татбиқ қилинмаганлиги, жамоатчилик назоратининг олиб борилмаслиги соҳада муаммолар тўпланишига сабаб бўлган омиллар сирасига киради, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори Дилмурод Валижонов. – Муаммо бошқа муаммоларни келтириб чиқаради. Масалан, қарздорликлар ошиб кетиши таъминот корхоналарида тармоқ ва қурилмаларнинг модернизация қилинмаслигига олиб келди. Фармонда шу каби масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, Бош прокуратура томонидан 2023 йил 1 сентябрга қадар “Прокурор назорати” ахборот тизими жорий этилади. Унда ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан прокурор назорати тадбирлари ҳамда уларнинг натижасига оид маълумотлар, ҳужжатларнинг ягона базаси юритилади.

Ҳужжатга кўра, ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишда жамоатчилик назоратини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадида 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб аҳоли томонидан Энергетика вазирлигининг махсус ахборот тизимига юборилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Шунингдек, ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика ҳамда ҳудудий штаблар тузилади.

Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини янада кучайтириш, соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашнинг кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, ҳозирги кунда “E-kon” лойиҳаси амалга татбиқ этилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади маҳсулотнинг қудуқдан чиқаётган жараёнидан бошлаб манзилига етиб боргунича тегишли ўлчовлар қўйилади. Бу орқали конлардаги ерусти тизимлари рақамлаштирилиб, ерости билан интеграция қилинмоқда. Замонавий илғор технологияларни жалб қилган ҳолда углеводород конларидан табиий газ қазиб чиқариш жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш кўзда тутилган. Жорий йил давомида қудуқлар ва газ йиғиш пунктларидаги ҳарорат, босим ва кунлик газ сарфини ўлчовчи радар датчиклар, оқим ўлчагичлар каби бошқа бир қатор махсус қурилмаларни ўрнатиш орқали барча конларни рақамлаштириш режалаштирилган.

Яқинда “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзлитинефтгаз” акциядорлик жамиятлари ўртасида ушбу лойиҳа доирасида конларни рақамлаштириш тизимини жиҳозлаш, қуриш, ўрнатиш ва жорий этиш бўйича шартнома имзоланди.

Шунингдек, “Рақамли энергоназорат” тизими бошқа тегишли соҳалар билан мутаносиб боғланади. Бу ўринда электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ етказиб бериш тизими бошқа тегишли ташкилотлар билан ўзаро боғланиши назарда тутилмоқда. Бу соҳанинг очиқ ва шаффоф бўлишига хизмат қилади.

Фармон ёқилғи-энергия ресурсларининг талон-торож қилинишининг олдини олишга хизмат қилади, соҳада мавжуд салбий ҳолатларни бартараф этади. Хусусан, соҳасининг коррупциядан холи бўлишига хизмат қилади. Энг асосийси, аҳолини ёқилғи-энергетика маҳсулотлари билан таъминлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбири