Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг (ЮНФПА) Тошкентдаги ваколатхонаси делегацияси билан учрашди.
Тадбирда ЮНФПА томонидан тайёрланган “Технологиялардан фойдаланиш билан боғлиқ гендер зўравонлик соҳасидаги қонунчиликнинг шарҳи” номли таҳлилий ҳужжат муҳокама қилинди.

Мазкур ҳужжат рақамли муҳитда аёллар ва қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш, онлайн зўравонлик ҳолатларига қарши самарали ҳуқуқий чоралар кўриш ҳамда миллий қонунчиликни такомиллаштириш масалаларига бағишланган.
Учрашувда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни ҳар қандай зўравонлик, жумладан, рақамли тазйиқ ва таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган қонунчилик ислоҳотлари, янгиликлар ва амалий ташаббуслар атрофлича муҳокама этилди.

Ушбу ҳужжатни тайёрлашда технологиялар воситасида амалга ошириладиган гендерга асосланган зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш бўйича халқаро амалиёт ва хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилган бўлиб, у келгусида миллий қонунчиликни такомиллаштиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилиши иштирокчилар томонидан таъкидланди.
Сенаторлар, тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассислари иштирок этган тадбир якунида қўшма таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА