Бугунги кунда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларни жаҳон бозорида эркин таклиф қила олишнинг муҳим принципларидан бири бу рақамли иқтисодиётнинг мавжудлигидир.
Мисол учун, у ёки бу компаниянинг ишлаб чиқариш ҳажми ва имкониятлари тўғрисида очиқ аналитика базасининг борлиги, маҳсулот айланмаси занжири иштирокчилари тўғрисида керакли маълумотлар – буларни тақдим этувчи ягона тизимнинг мавжудлиги иқтисодий муносабатларнинг зарур талаби.
Айнан шу мақсадларда мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни қуриш ва уни жадал ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Рақамли маркировка тизимининг жорий этилиши улардан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими жорий этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 31 декабрдаги “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ, маҳаллий алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун маҳсулотларни идентификация воситалари ёрдамида маркировкалаш ва товар айланмаси ҳажмини кузатиш тартиби жорий этилди.
Бу жараён бошланганига тўққиз ой тўлди. Бу вақт оралиғида қандай ютуқларга эришилди, қандай муаммолар юзага келди ва улар қай тартибда ҳал этилди? Умуман олганда, маркировка тизими бу сегментга нималарни берди? Мамлакатимизда рақамли маркировка тизими қачон ва нимадан бошланди, деган ўринли саволлар туғилиши табиий, албатта.
Юқоридаги жараёнларни амалга ошириш мақсадида давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолият юритувчи “Asl belgisi” маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими жорий этилган. “CRPT Turon” МЧЖ ушбу ахборот тизимининг оператори ҳисобланади.
“Asl belgisi” ахборот тизими мамлакатимиз маҳсулот бозорини шаффоф ва товарлар ҳақиқийлигини кафолатлайдиган тўлақонли тизимни яратишга ёрдам беради, бу орқали импортчилар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун катта қулайлик яратади. Ундаги махсус рақамли код товарларнинг ҳақиқийлигини кафолатлайди. Тизимнинг асосий вазифаси эса истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлаш, сохта ва сифатсиз маҳсулотларга қарши курашиш ҳисобланади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади, нима сабабли давлатимиз маркировка тизимини биринчи бўлиб акцизли товарлардан бошлади?
Бунинг сабаби жуда оддий - бу гуруҳга оид маҳсулотлар тўғрисида барча маълумотларга эга бўлиш учун. Чунки тамаки ва алкоголь бозори жуда катта ва унда иштирокчилар сони жуда кўп. Иштирокчи, деганда биз нафақат ишлаб чиқарувчиларни, балки импортчилар, улгуржи ва чакана савдо вакилларини ҳам назарда тутамиз. Мамлакатимизга олиб кирилаётган бу турдаги маҳсулотларнинг аниқ ҳажми маълум эмас. Демак, солиқ тушумларини ҳам ҳисоблашнинг имкони паст, чунки “яширинча” олиб кириш ҳолатлари мавжуд.
Иккинчи муҳим масала - бу фуқароларимизнинг саломатлиги. Маркировка тизими назорат қилиш имкониятини оширади, чунки ҳар бир маҳсулот махсус кодга эга бўлади.
Махсус рақамли код – Data Matrix ёрлиғига жойлаштирилади ва товар ҳақидаги барча маълумотларни, яъни ишлаб чиқарувчининг номи, ишлаб чиқарилган ёки сотиладиган жой, сана ва вақт, яроқлилик муддати, стандарт рақам каби ахборотларни олиш имконини тақдим этади. Ушбу маълумотлар давлат ахборот тизимида сақланади ҳамда ушбу рақамли кодни маҳсулотга елимлаш барча ноқонуний маҳсулотлар тарқалишининг олдини олади.
Бу кодни телефон ёрдамида сканерлаб, истеъмолчи товар тўғрисидаги барча маълумотларга эга бўла олади. Бунинг учун эса махсус “Asl belgisi” махсус мобиль иловаси ҳам ишлаб чиқарилган. Харидор маҳсулотни харид қилишдан олдин унинг асллигини текшириши ва ундан кейингина уни харид қилиши мумкин.
Marhabo Madaminova, [10.11.2021 16:31]
Бу сегментда контрабанда ва контрафакт улуши ҳақида ҳам айтиб ўтиш муҳим. Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш борасида Давлат солиқ ва божхона қўмиталари билан ҳамкорликда бу глобал муаммога қарши самарали кураш олиб борилмоқда. Айтиш мумкинки, мамлакатимизда тамаки ёки алкоголь маҳсулотларини ноқонуний тарзда олиб кириш ёки уларни қандайдир ташландиқ омборлар ва ертўлаларда ишлаб чиқариб, муомалага киритиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас.
Шу сабабли бу муаммо билан кураша оладиган кучли ва моҳиятли усул анча вақт давомида изланди. Энг мақбул ечим ҳозирда бу айнан рақамли маркировка тизимидир. Чунки бу тизим маҳсулот ишлаб чиқарилишидан тортиб токи истеъмолчи харид қилишига қадар бўлган барча жараёнларни кузатишга имкон беради.
2021 йил 1 январдан эътиборан республикамизда алкоголь ва пиво маҳсулотлари маркировкасига старт берилди ва бугунги кунда алкоголь маҳсулотлари буйича “Asl belgisi” маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимида 5 минг 606 та иштирокчи рўйхатдан ўтган ҳамда шу кунга қадар умумий 212 миллион 553 минг 432 дона Data Matrix коди чиқарилган.
Шунингдек, пиво маҳсулотлари МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб мамлакатимизда мажбурий рақамли маркировка қилина бошланди ҳамда тизимда рўйхатдан ўтган иштирокчилар сони 4 минг 262 та ва шу кунга қадар чиқарилган Data Matrix кодларининг умумий сони 151 миллион 356 минг 353 донани ташкил қилмоқда.
Бугунги кунда Россия Федерацияси ва бир қатор бошқа қўшни мамлакатларда ҳам пиво маҳсулотларини маркировкалаш бўйича ишлар бошланган. Улар Ўзбекистон тажрибасидан фойдаланиб, бу сегментда маркировка тизимини жорий этишга қарор қилган.
Рақамли маркировка тизимининг яна бир ютуғи шундаки, унда жараён босқичма-босқич амалга оширилади. Бу нима дегани?
Ҳар бир янги тизим татбиқ этилиши учун вақт талаб этилади. Маркировка тизими шундай ишлаб чиқарилган-ки, унда ишлаб чиқарувчи ёки импортёр ёки чакана савдо нуқтасида тизимнинг татбиқ этилиши учун муайян вақт ажратилади. Яъни, “ҳаммаси 1 кунда ёки 1 ойда бажарилиши шарт!”, деган тушунча бу тизимда умуман йўқ. Мисол учун, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари махсус Data Matrix кодига эга бўлишлари белгиланган эди. Лекин тегишли қарорга мувофиқ, ишлаб чиқарилган ва муомалада бўлган маҳсулотлар маркировка кодисиз сотувда бўлишига рухсат берилган. Демак, ишлаб чиқарувчи ёки импортчи омборидаги заҳиралар қолдиқларни бошқариши белгиланган.
Жорий йил 2 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини акциз маркалари билан маркировкалаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2022 йилнинг 1 октябридан эътиборан истеъмол ва гуруҳланган қадоқларга рақамли идентификациялаш воситаларини туширишда, шунингдек, бошқа турдаги тамаки маҳсулотларини агрегациялашни таъминлайди ҳамда маркировкалаш ахборот тизимига маркировкаланганлиги ва агрегацияланганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади.
Эндиликда барча қадоқлар тўғрисидаги маълумотлар тизимда сақланади. Бу эса биз узоқ кутган маълумотлар базасини шакллантиришда жуда муҳим босқич. Бу жараённи тўғри амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан бир неча бор ўқув семинарлари ва тренинглар ўтказилди. Уларда ишлаб чиқарувчилар, импортчилар, улгуржи база вакиллари, маркировка тизими оператори, Давлат солиқ қўмитаси вакиллари фаол иштирок этди. Натижада агрегациялаш босқичига тайёргарлик кўриш ва уни хатосиз бошлаш учун барча маълумотлар тақдим этилди, муаммолар муҳокама қилинди ва уларга ечимлар тақдим этилиб келинмоқда.
Шу ўринда айтиш мумкинки, маркировка барча учун янги тизим. Лекин туб моҳияти энг аввало, қора бозорнинг қисқариши, виждонли ишлаб чиқарувчилар ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши бўлган бу тизим ҳеч шубҳасиз мамлакатимиз ва истеъмолчиларимиз учун жуда муҳимдир.
Рақамли иқтисодиёт - давр талаби. Бозоримиз шаффоф ва очиқ бўлиши - янги имкониятлар эшигини очади. Маркировкалаш тизими эса бу йўлда қўйилган муҳим қадамдир.
Д. Сиддиқова,
Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни
ривожлантириш агентлиги матбуот котиби,
Замира Ташева,
"CRPT-Turon" матбуот бўлими масъул ходими.