Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида “Рақамли маркировкалаш тизими самарадорлиги оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда халқимизни сифатли ва хавфсиз истеъмол маҳсулотлари билан таъминлаш, ноқонуний ишлаб чиқариш ва муомалани чеклаш, шунингдек, солиқ тўловчилар учун солиқ юкини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бу эса иқтисодиётимизни соғломлаштириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Аммо қонунчиликда белгиланган айрим турдаги маҳсулотларни идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш ҳамда уларнинг айланмасини тўлиқ кузатиб бориш тизимини янада кучайтириш зарурати юзага келди. Шу боис, мазкур қонун лойиҳаси билан Солиқ кодексига муҳим қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, товарларни мажбурий маркировкалаш қоидаларига риоя этилиши бўйича масофавий солиқ текширувларини солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан, аввал икки марта расмий огоҳлантириш берилганидан сўнг ўтказиш тартиби белгиланмоқда. Шунингдек, бундай текширувлар натижаси бўйича қарор қабул қилиш механизми аниқлаштирилмоқда.
Фракция аъзолари таъкидлаганидек, ушбу қонун лойиҳасидаги нормалар аҳолини сифатли ва ишончли маҳсулотлар билан таъминлаш, яширин иқтисодиётни янада қисқартириш ҳамда солиқ тўловчилар учун маъмурий босим ва солиқ юкини камайтиришга хизмат қилади. Натижада бизнес юритиш учун янада адолатли ва шаффоф муҳит яратилади.
М.Комилова,
ЎзА