Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли маркировка– иқтисодиёт таянчи (+ видео)
21:01 / 2025-10-23

Солиқ тизимининг рақамлашаётгани, айниқса, рақамли маркировканинг жорий этилиши яширин иқтисодиёт улушини «соя»дан чиқаришга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 23 майдаги “Мажбурий рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, 2026 йил 1 январдан бошлаб солиқ органлари рақамли маркировка қоидаларига риоя қилинишини масофадан назорат қилишни бошлайди. Текширувлар тадбиркорни чақирмасдан ва унинг фаолиятига аралашмасдан фискал чек ва электрон ҳисобварақ-фактураларни таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.

–Агарда савдо ва хизмат кўрсатишда қоидабузарлик аниқланса, тадбиркорга уни бартараф этиш учун аввало огоҳлантириш юборилади, – дейди Хоразм вилоят солиқ бошармаси мутахассиси Намуна Раҳимова. – Такрорий қоидабузарлик аниқланганда эса яна бир марта огоҳлантириш берилади. Фақат учинчи марта қоидабузарлик аниқланганда жарима қўлланилади. Аввалги тартибга кўра, огоҳлантиришсиз жарима қўлланилар эди. Эндиликда, шунингдек, масофавий текширувларда жарималар миқдори ҳам камайтирилмоқда. Огоҳлантиришлардан сўнг жарима қўллашда биринчи марта — чораклик соф тушумнинг 0,2 фоизи, иккинчи марта 0,4 фоизи, учинчи марта 1 фоизи, тўртинчи марта эса 2 фоизи миқдорида жарима қўлланилади. Шу билан бирга агар икки марта огоҳлантиришдан сўнг тадбиркор бир йил ичида тўртинчи марта маркировка қоидаларини бузса, бир йил давомида тўланган ҚҚС суммаси қайтарилмайди.

Чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи “Xorazm real trade” корхонаси раҳбари Фарида Ражабова нафақат Урганч туманида, балки вилоят бўйича 2024 йилда энг кўп фискал чек берган тадбиркорлик субъекти эканлиги аниқланди. 

Тадбиркор йил давомида ўз харидорларига 17 мингдан ортиқ чек тақдим этган. Натижада 10 млрд 547 млн сўм пул маблағларини назорат касса машинаси орқали амалга оширган. 

–Маркировка фуқаролар ёки тадбиркорга нима беради, деган савол сизда туғилиши мумкин, – дейди корхона иш юритувчиси Юлдуз Ражабова. – Гап шундаки, ўз маҳсулотига ишонган тадбиркорлар маркировкадан самарали фойдаланади. Бунинг натижасида бозор ва савдо расталарида қалбаки маҳсулотлар хавфи камаяди ва маҳсулот сифатига ишонч ортади. Қолаверса, маҳсулотнинг қайси босқичлардан ўтганини кузатиш ва унинг ҳақиқийлигини солиқ мобил иловаси орқали текшириш имконияти мавжуд. Маркировка бозорда шаффофликни таъминлайди. Бизнесни эса қўллаб-қувватлайди. 

Дарҳақиқат, рақамли маркировка — бу маҳсулотларга қўйиладиган махсус кодлар бўлиб, улар маҳсулотни ишлаб чиқарувчидан то истеъмолчига етиб боргунига қадар кузатишга имкон беради. Бу тизим истеъмолчиларни қалбаки маҳсулотлардан, айниқса, қалбаки дори-дармон ва алкоголь маҳсулотларидан ҳимоя қилади.

Рақамли маркировка тизимининг жорий этилиши яширин иқтисодиёт улушини камайтиради ҳамда солиқ тушумларини оширади. Шунингдек, контрафакт маҳсулотларга қарши курашишда ҳам самарали механизм ҳисобланади. 

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mK48o_l1iMk" title="Raqamli markirovka– iqtisodiyot tayanchi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари