Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли ирригация: тизимда шаффофлик ва самарадорликни таъминлайдиган тартиб ишлаши керак
17:59 / 2025-11-12

Президент топшириқлари – амалда

Гектарлаб сув бормайдиган ердан кафтдек томорқам яхши, дейди ҳосилнинг чўғидан ҳафсаласи пир бўлган деҳқон.

Жуманазар ота эрта баҳорда олти гектар сув чиқмайдиган ер олиб, нўхат экибди. Лалмида тирикчилик қиладиган одам, мавсум давомида осмонга қараб туради дейишади. Бу йил ёғингарчилик яхши бўлмади. Деҳқон ерга сочган уруғинигина йиғиб олди, холос.

Экология ва иқлим ўзгаришлари сабаб аграр тармоқда шундай муаммолар кўлами ортиб бормоқда. Масалага оддий деҳқон кўзи билан қарагандаёқ ҳолат жиддий экани сезилади. Энди унга мамлакат миқёсида назар ташласак, муаммо қай даражада долзарб экани янада яққол кўринади.

Шунинг учун ҳам дунёда кам сув сарфлаб, юқори натижа олиш бўйича илғор тажрибаларни жорий этиш устида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Сув жуда қиммат неъмат. Кўпгина давлатлар оби ҳаёт қуриб қолгач, унинг қадрини англаб етмоқда. Қишлоқ хўжалигида ҳар бир томчи сув ҳисобли эканини унутмаганларгина етарли натижага эришмоқда. Деҳқон учун сув ҳосилнинг чўғи, давлат учун эса озиқ-овқат хавфсизлигининг гаровидир.

Баъзи ривожланган давлатларда ҳар бир гектар ердаги сув оқими сенсорлар орқали назорат қилинади. Бу тизим сув сарфини ўртача 30 фоизгача камайтирган. Шунингдек, айрим мамлакатларда фермерлар махсус платформалар орқали сув тақсимотини онлайн кузатмоқда. Рақамли ирригация эса сувдан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширмоқда.

Ўзбекистонда ҳам бундай тажрибалар инобатга олинган ҳолда, сув хўжалигини рақамлаштириш стратегик устувор йўналиш сифатида белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳанинг хусусий сектор учун жозибадорлигини ошириш юзасидан тақдимот билан танишди. Унда соҳанинг истиқболига доир муҳим топшириқлар берилди.

Мамлакатимизда 50 минг километр суғориш тармоқлари, 1,6 минг насос станцияси ва 10 мингдан зиёд сув объекти фаолият юритмоқда. Бироқ қуйи бўғинда ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги, хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва молиявий мустақиллик каби масалалар ҳануз ечимини кутаётгани сир эмас.

Тақдимотда бу муаммоларни бартараф этиш учун соҳада рақамлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш зарурлиги таъкидланди. Энди янги ёндашув асосида сув ҳисоби тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. “Suv hisobi” ахборот платформаси орқали сув миқдори аниқ ҳисобланиб, маълумотлар электрон равишда истеъмолчиларга етказилади. Бу жараён инсон омили иштирокини камайтиради, қоғозбозликни бартараф этади ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади.

“Рақамли қишлоқ хўжалиги” платформаси билан интеграция натижасида суғориладиган ерлар, экин турлари ва сув лимитлари ҳақидаги маълумотлар доимий янгиланиб туради. Бу эса сув тақсимотини автоматлаштириш ва режалаштиришда янги босқич бўлади.

– Тақдимотда соҳа тараққиётига хизмат қиладиган кўплаб масалаларга эътибор қаратилди, – дейди сув хўжалиги вазири ўринбосари Зокир Эшпўлатов. – Аввало, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни янада такомиллаштириш ҳамда сув хўжалигини рақамлаштириш ишларини жадаллаштиришга алоҳида урғу берилди. Соҳадаги барча маълумотларни бирлаштириш мақсадида “Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази” ташкил этилади. Марказ сув баланси, насос станциялари ва сув сарфи бўйича таҳлил олиб бориб, қарор қабул қилишни автоматлаштиради. Шунингдек, рақамлаштириш ишларини тизимли амалга ошириш учун алоҳида вазир ўринбосари тайинланади.

Яна бир муҳим янгилик – “Давлат сув кадастри” ахборот тизими жорий этилаётганидир. У сув ресурсларига оид маълумотларни турли идоралардан йиғиб, ягона базада сақлайди. Бу ҳисоботларни қоғозда юритишни қисқартиради, маълумотлар алмашишни соддалаштиради ва шаффофликни таъминлайди. Тизимни 2026 йил апрелига қадар тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

2026 йилда Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги насос станцияларининг 50 фоизи, 2027 йилга бориб эса Наманган вилоятидаги барча насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш режалаштирилган.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги “бир насос – бир тизим”, яъни “Чортоқ тажрибаси” бу жараённинг илк намунаси бўлади. Унда хусусий шерик сувни лимит доирасида етказади, сув солиғининг 40 фоизини олади ва уни насосларни модернизация қилиш ҳамда ҳисоб тизимини автоматлаштиришга йўналтиради.

Сув хўжалигини рақамлаштириш фақат техника билан эмас, инсон капитали билан ҳам боғлиқ. Шу мақсадда “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида 2025–2026 йилларда ҳар бир туманда биттадан “ўқув дала-шийпон” ташкил этилади. Умумий ҳисобда 141 туманда 3,5 минг гектар майдон қамраб олинади. Бу фермер ва мутахассисларнинг амалий кўникмаларини оширишга хизмат қилади.

Сув хўжалигини рақамлаштириш фақат технология эмас, балки масъулият маданияти ҳамдир. Ҳар бир томчи сув ҳисобли бўлган бу даврда электрон ҳисоб, автоматлаштирилган бошқарув ва хусусий шериклик орқали самарадорликни оширишдан бошқа йўл йўқ.

Халқаро тажриба шундан далолат берадики, рақамли тизимлар сувни тежайди. Шаффофликни оширади ва деҳқонни манфаатдор қилади. Ўзбекистон ҳам бу йўналишда ўз “рақамли сув ислоҳоти”ни бошлади.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири