Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда электрон тижоратнинг ўрни ва аҳамияти қандай?
16:42 / 2026-02-09

Муносабат

Сўнгги йилларда рақамли технологиялар жаҳон иқтисодиётида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, электрон тижорат анъанавий савдони янги босқичга олиб чиқиб, товар ва хизматлар айирбошлашда қулайлик яратмоқда. Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишга айланди. Интернет инфратузилмасининг кенгайиши, аҳолининг рақамли саводхонлиги ва онлайн тўлов тизимлари электрон тижоратнинг ўсиши учун замин яратмоқда.

Электрон тижорат товарлар, хизматлар ва бошқа амалларни ахборот технологиялари орқали онлайн шартномалар асосида сотиш жараёни ҳисобланади. Ҳозирги кунда ушбу соҳа мамлакатимиз иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган тармоқларидан биридир. Электрон тижорат ва рақамлашув замонавий иқтисодиётнинг асосий драйвери сифатида янги бизнес-моделларнинг шаклланишига йўл очмоқда. Бу жараён иш бошлаш учун талаб этиладиган харажатларни сезиларли даражада камайтиради, тадбиркорлар ҳамда кичик бизнес субъектлари учун маҳаллий, минтақавий ва жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради. Шу орқали рақамли майдонда фаолият юритиш учун янги иш ўринлари яратилиб, ёшлар ва аёллар бандлигини оширишга хизмат қилади.

Шу боис кўплаб саноат корхоналари ўз бизнес-стратегияларига электрон тижорат воситаларини фаол жорий этмоқда. Ҳозирги кунда республикада электрон тижорат соҳасида 1200 дан зиёд компания фаолият кўрсатмоқда, икки йил аввал эса бу кўрсаткич 1100 тага етмас эди. Бу рақамлар — мамлакатда рақамли иқтисодиётга бўлган қизиқиш ва талабнинг ортиб бораётганидан далолат. 

Электрон тижоратнинг ривожланиши меҳнат бозорида янги касб ва йўналишларни шакллантирмоқда. Жумладан, IT мутахассислари, логистика, рақамли маркетинг, онлайн хизмат кўрсатиш ва контент яратиш соҳаларида қўшимча иш ўринларини ташкил этади. Бу эса ишсизлик даражасини пасайтиришга, аҳолининг даромад манбаларини диверсификация қилишга ва иқтисодий фаолликни оширишга ижобий таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари, рақамли иқтисодиётнинг кенгайиши аёллар учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда. Улар масофавий ишлаш, онлайн савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳалари орқали ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятига эга бўлмоқда. Бу уларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаб, оилаларнинг турмуш даражасини яхшилашга ҳисса қўшмоқда.

Бироқ кўплаб ривожланаётган мамлакатлар рақамли иқтисодиётда тўлиқ иштирок этишга тўсқинлик қилаётган жиддий муаммоларга дуч келмоқдалар. Бунга қонунчилик ва инфратузилманинг етарлича такомиллашмаганлиги, молиявий ресурсларнинг чекланганлиги, меъёрий тартибга солишдаги мураккабликлар ҳамда рақамли кўникмаларнинг етишмаслиги сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, тез суръатларда ривожланаётган рақамли иқтисодиёт экологик муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Айниқса, ривожланаётган мамлакатларда бу муаммоларни самарали бошқариш учун зарур инфратузилма ва ҳуқуқий база етарли эмас. Масалан, экранлар ва кичик IT жиҳозларидан ҳосил бўладиган чиқиндилар ҳажми 2010–2022 йиллар давомида 30 фоизга ўсиб, 10,5 миллион тоннани ташкил этган. Нотўғри утилизация жараёнлари атроф-муҳит ва инсон саломатлиги учун жиддий хавфлар туғдиради. 

Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, рақамли иқтисодиётни таъминловчи маълумотлар марказлари ва АКТ тармоқлари дунё бўйича энергия истеъмолининг 6–12 фоизини ташкил этади ва бу 1–1,5 фоиз даражасидаги жаҳон миқёсидаги иссиқхона газлари чиқиндисига олиб келади.

Электрон тижоратдан фойдаланиш бўйича жаҳон тажрибасини кузатадиган бўлсак, масалан, Хитой дунёдаги энг йирик ва энг тез суръатлар билан ривожланаётган электрон тижорат бозорларидан бирига эга бўлиб, у глобал электрон тижорат битимлари умумий қийматининг 40 фоизидан ортиғини ташкил этади. Мамлакатда электрон тижорат соҳасида жами меҳнат бозори иштирокчиларининг 5 фоизидан кўпроғи банд. Онлайн харидлар эса кўплаб хитойлик оилаларнинг кундалик ҳаётининг муҳим қисмига айланган. 

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Хитойнинг қишлоқ ҳудудларида электрон тижорат фаолияти уй хўжаликлари фаровонлигини оширишга сезиларли таъсир кўрсатган. Шунингдек, интернет дўконларида меҳнат қилаётган ходимларнинг иш ҳақи шаҳар хусусий корхоналарида ишловчиларники билан тенг ёки ундан юқори. Аёллар ва ёш, билимли хўжаликлар электрон тижорат орқали катта фойда кўраётгани қайд этилган.

Бу борада республикамизда “Электрон тижорат тўғрисида” 2022 йил 29 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган. Мазкур ҳужжат мамлакатда электрон тижорат соҳасини тартибга солиш ва унинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган асосий ҳуқуқий пойдевор ҳисобланади. Ушбу қонун электрон тижорат иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди, онлайн битимларни амалга ошириш тартибини белгилайди. Бу эса рақамли савдо муҳитининг шаффофлиги ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, электрон тижоратдан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш учун бир қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Жумладан, интернет ва логистика инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта бизнесни онлайн савдога жалб қилиш ҳамда улар учун қулай шарт-шароит яратиш муҳим. 

Шунингдек, миллий тўлов тизимларини ягона платформага интеграция қилиш, рақамли саводхонликни ошириш ва аҳолининг онлайн хавфсизлиги ҳақида хабардорлигини кучайтириш зарур. Бу чоралар тадбиркорлар учун қулай бизнес муҳитини яратиб, рақобатбардошликни оширади ва электрон иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлайди.

Ушбу йўналиш учун малакали мутахассислар тайёрлаш масаласи ҳам муҳим. Замонавий рақамли иқтисодиёт талабларига мос кадрлар етиштириш мақсадида олий таълим муассасаларида “Рақамли иқтисодиёт”, “Электрон тижорат”, “IT ва маркетинг” каби йўналишларни кенгайтириш ва уларнинг ўқув дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаб бориш зарур. 

Бундан ташқари, мустақил ўрганувчилар учун Coursera ва Udemy каби халқаро онлайн таълим платформалари орқали ўқиш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Бу платформаларда дунё миқёсидаги етакчи мутахассислар томонидан тайёрланган курслар орқали электрон тижорат, рақамли маркетинг, веб-дизайн, маълумотлар таҳлили ва сунъий интеллект каби соҳаларда билим ва кўникмаларни ривожлантириш мумкин. 

Дунёдаги энг йирик халқаро аудиторлик ва консалтинг компанияси — KPMGнинг прогнозларига кўра, 2027 йилга келиб Ўзбекистонда электрон тижорат бозори ҳажми тахминан 2 миллиард АҚШ долларига етиши мумкин. Бу эса мамлакатда рақамли иқтисодиётнинг жадал ривожланаётгани ва унинг катта салоҳиятга эга эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

2022 йилдаги Осиё тараққиёт банкининг “CAREC мамлакатларида электрон тижорат: инфратузилмани ривожлантириш” мавзусидаги ҳисоботига кўра, CAREC (Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик) мамлакатларига қатор тавсиялар берилган. Хусусан, интернет тезлигини ошириш, рақамли саводхонликни юксалтириш ҳамда аҳолининг банк ҳисобларига эга бўлиш даражасини кўтариш бўйича чоралар кўриш зарурлиги таъкидланади. Молия муассасаларига нисбатан истеъмолчилар ишончини мустаҳкамлаш ҳам муҳим вазифа сифатида қайд этилган. 

Бундан ташқари, мамлакатларга электрон савдо ҳужжатларидан фойдаланишни кенгайтириш тавсия қилинади. Бу усул божхона харажатларини камайтириш, товарларнинг божхонада туриб қолиш вақтини қисқартириш ва чегаралараро электрон тижоратнинг жозибадорлигини ошириш имконини беради.

Барча ҳукуматлар электрон тижоратни ривожлантириш бўйича комплекс стратегиялар қабул қилиши лозим. Бундай стратегиялар нафақат норматив база яратишни, балки молиявий кўмак беришни ҳам ўз ичига олиши керак. Электрон тижорат экотизимларини шакллантириш ва уларнинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун давлатнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади.

Рамзидин Нуридинов

Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси.

ЎзА