English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли иқтисодиётда электрон давлат харидларининг ўрни қандай?
16:08 / 2020-12-25

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Рақамли иқтисодиёт тизимида электрон давлат харидларининг ўрни” мавзусида видеоконференцалоқа тарзида давра суҳбати ўтказилди.

Мамлакатимизда давлат харидлари соҳаси йигирмадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Амалдаги давлат харидлари соҳасидаги қонун ва қонуности ҳужжатларида мавжуд камчиликлар сабабли соҳада бир қатор муаммолар юзага келган. Хусусан, харид қилиш тартиб-таомиллари, шартнома мажбуриятларини мониторинг ва назорат қилиш тизими бугунги кун талабига жавоб бермайди. Давлат харидлари жараёнидаги шикоятларни кўриб чиқиш тизимининг самарадорлик кўрсаткичи пастлиги ҳамда давлат буюртмачилари томонидан давлат харидлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этмаслик ҳолатлари мавжуд. 

Натижада давлат буюртмачилари товарлар (ишлар, хизматлар) ни харид қилиш учун кўп вақт сарфлаши, шунингдек, инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳалар амалга оширилишининг кечикишига сабаб бўлмокда. Бунинг барчаси харид нархларининг ўсиши ва харид қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг сифати ёмонлашишига олиб келмокда. Соҳадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2020 йилнинг 1 декабрь куни “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Тадбирда Молия вазирлиги департаменти бошлиғи Г.Раҳимова давлат харидларини амалга оширишда юзага келаётган асосий муаммолар, уларнинг ечими ва қонуний асослар тўғрисида маъруза билан иштирок этди.

Мутахассиснинг фикрига кўра, бугунги кунда давлат харидлари соҳасида такомиллаштирилиши лозим бўлган, ўз ечимини кутаётган бир қанча долзарб масалалар мавжуд. Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун давлат харидларини тартибга солувчи қонунчилик базасини такомиллаштириш, давлат харидларига оид қонун ҳужжатлари талабларига амал қилмаганлик учун жавобгарликни белгилаш, соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали дастурий мажмуаларни такомиллаштириш талаб этилади.

Таъкидланганидек, стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари ва корхоналарнинг харидлари амалдаги қонунчилик билан қамраб олинмаган. Янги таҳрирдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун билан стратегик ташкилотлар ҳам харидларни қонун асосида амалга ошириши белгиланди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда 2019 йилда барча амалга оширилган давлат хариди 97 триллион 985 миллиард сўм ёки ЯИМнинг 19,1 фоизини ташкил қилди. Шундан стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар томонидан амалга оширилган давлат харидлари 47 триллион 599 миллиард сўм ёки ЯИМнинг деярли 10 фоизини ташкил этган.

Бу эса жами давлат харидларининг 48 фоизига тенг. Янги таҳрирдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунда давлат харидлари жараёнида янада шаффофликни таъминлаш, носоғлом рақобатнинг олдини олиш, тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш, шунингдек, коррупцион ҳолатларни бартараф этиш мақсадида бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумотлар очиқланиши белгиланмоқда.

Республика товар-хомашё биржасининг мутахассиси Ш.Аметованинг қайд этишича, 2020 йил 1 январдан давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларини ҳудудлар кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар (иш бажарувчилар, хизмат кўрсатувчилар) ўртасида амалга ошириш имкониятини берувчи алоҳида савдо майдончаси (milliydokon.uzex.uz) ишлаб чиқилган. Мазкур савдо тизими ишга туширилгандан сўнг қисқа муддат ичида давлат буюртмачилари томонидан 314,6 миллиард сўмлик 97 минг 814 та шартнома амалга оширилган.

Тадбир якунида кун таритибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА