Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли иқтисодиёт шароитида иқтисодий хавфсизлик қандай таъминланади?
16:03 / 2026-02-25

Рақамли иқтисодиёт шароитида юзага келаётган таҳдид ва хавф-хатарларни илмий жиҳатдан таҳлил қилиш, иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда муросасизлик муҳитини шакллантириш долзарб аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари ҳам бу масалага эътибор қаратиб, кибержиноятлар кундан-кунга кўпайиб, унинг турлари 18 тадан 62 тага чиққанини қайд этди. Айниқса, шахсий маълумотларни ўғирлаш, сунъий интеллект орқали овоз ва юз қиёфасини ўхшатиш, зарарли файлларни тарқатиш авж оляпти. Ўзлаштирилган маблағлар криптовалюта шаклида четга чиқарилмоқда.

Буларни тезкор фош этиш ва тўхтатиш учун ҳуқуқ-тартибот ходимлари кибертехнологиялар ва сунъий интеллектни мукаммал эгаллаши лозимлиги қайд этилди.  

“Рақамли иқтисодиёт шароитида иқтисодий хавфсизликни таъминлаш: муаммолар ва ечимлар” мавзусида ўтказилган  Республика илмий-амалий анжуманда шу ҳақда сўз юритилди.  

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан ташкил этилган анжуманда Бош прокуратура, Марказий банк, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, солиқ ва божхона қўмиталари вакиллари, амалиётчилар, тадбиркорлар, олимлар, профессор ўқитувчилар иштирок этди.

Тадбирда  иқтисодий хавфсизлик соҳасида қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан мониторинг ва назорат тизимини такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди. 

Тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қўллаб-қувватлашнинг илмий-амалий жиҳатлари, яширин иқтисодиёт кўламини қисқартиришда рақамли технологиялардан фойдаланиш йўналишлари муҳокама қилинди. 

Ўзбекистонда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича фикр алмашилди.  

Тадбир доирасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу ҳужжат алкоголь ва тамаки соҳасидаги яширин иқтисодиёт кўламини таҳлил қилиш, баҳолаш, тадқиқотлар ўтказиш ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Анжуман якуни бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу каби чоралар иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, рақамли ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ҳамда иқтисодий хавфсизлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА