Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли ечимлар нефть-газ саноатида қандай самара беряпти?
18:42 / 2025-05-21

Мамлакатимизда нефть ва газ саноатида инновацион технологияларни жорий этиш соҳанинг самарадорлиги ва экологик барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, сунъий интеллект, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ва рақамли геологик тадқиқотлар ёрдамида қазиб олиш, қайта ишлаш ва ташиш жараёнлари янада тезкор, хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан самарали бўлаётир. Шу билан бирга, энергия тежовчи ҳамда чиқиндисиз ишлаб чиқариш технологиялари атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирни камайтиришга хизмат қилмоқда. 

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида ўтказилган халқаро илмий-техник конференцияда маҳаллий ва хорижий олимлар ҳамда соҳа мутахассислари мазкур масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашди. 

Анжуманда углеводородлар қазиб олишни кўпайтириш, қайта ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган технологик ечимлар, шунингдек, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда кластерлар муҳим ўрин тутаётгани алоҳида қайд этилди. 

"Ўзбекнефтгаз" АЖ моделлаштириш маркази раҳбари ўринбосари Анвар Муродовнинг таъкидлашича, бу каби тадбирлар ишлаб чиқариш ташкилотлари мутахассислари учун ҳар томонлама фойдали бўлиб, соҳадаги янги ишланмалар, ечимлар ва илғор тажрибалар билан танишиш имконини беради. 

– Тадбир доирасида ташкилотимиз томонидан рақамли трансформация ва конларни ишлатишдаги комплекс ёндашув бўйича ўз тажрибамизни тақдим этдик. Масалан, “Қуйи Шарқий Бердақ” конидаги қудуқларни бурғилаш самарадорлигини баҳолаш ва газ қазиб олишни оптималлаштириш бўйича тақдим этилган рақамли ечимлар орқали геологик ва гидродинамик моделлардан фойдаланган ҳолда аниқ прогнозлар бериш ва техник чора-тадбирларни оқилона режалаштириш имкони яратилди. Тадбирда сўзга чиққан олимлар қайд этганидек, нефть ва газ саноатида рақамли технологияларни кенг жорий этиш нафақат ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштиради, балки қазиб олишнинг ҳар бир босқичида аниқликни таъминлайди. Бу эса ресурсларни тежаш, қувурлар ва инфратузилманинг ишончлилигини ошириш, хавф-хатарларни камайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади, – деди А. Муродов. 

Шунингдек, нефть-газ соҳасини рақамли трансформация қилишда юқори малакали муҳандис кадрларни тайёрлаш, саноат таълим кластерларини ривожлантириш ва университетлар билан яқин ҳамкорлик барқарор технологик ривожланишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида қайд этилди.

Мутахассислар хулосасига кўра, нефть-газ соҳасидаги рақамли ечимлар нафақат иқтисодий фойдани, балки хавфсизлик ва экологик барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Бу борада амалга оширилаётган тадқиқотлар ва ҳамкорликлар соҳанинг узоқ муддатли ривожида муҳим омилдир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА