Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамли далилларни аниқлаш, тўплаш, текшириш тартиблари белгиланмоқда
17:54 / 2024-08-27

Парламент қуйи палатаси мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, кейинги пайтда жиноятчилар аҳолининг банкдаги пулларини талон-торож қилишда янги усуллардан фойдаланмоқда. Хусусан, дастурий аппарат қурилмалари ёрдамида қонунга хилоф тарзда банк картаси ёки бошқа тўлов карталарининг нусхасини ясаш, сохталаштириш орқали ўзганинг банк ҳисобидаги ёхуд электрон тўлов ҳамёнидаги пуллари талон-торож қилинмоқда. 

Ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги электрон маълумотларни рақамли далил деб топиш ва иш ҳужжатларига қўшиш билан боғлиқ муаммолар жиноятни фош этиш билан боғлиқ фаолиятда қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Шу муносабат билан рақамли далилларни қабул қилиб олиш, текшириш ва баҳолаш тартибига оид нормаларни Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунчилик ҳужжатларига киритиш зарурати юзага келмоқда. 

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далил тушунчаси, рақамли далилларни аниқлаш, тўплаш, тақдим қилиш, текшириш, баҳо бериш, қайд этиш ҳамда сақлаш тартиблари, шунингдек, мазкур жараён иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши процессуал қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этишга, янги институтларни жорий этишга, одил судлов сифатини оширишга, суд иш юритувини такомиллаштиришга, мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади. 

М.Комилова, ЎзА