Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Рақамли авлод республика инклюзив IT оромгоҳи» бўлиб ўтмоқда
15:57 / 2024-08-28

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 33 йиллигига бағишлаб «Рақамли авлод республика инклюзив IT оромгоҳи» ўтказилмоқда.

Ушбу тадбир «Digital Generation Uzbekistan» нодавлат нотижорат ташкилоти, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, «Замин» халқаро жамоат фонди ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.  

Оромгоҳга республика бўйлаб эшитиш имконияти заиф болалар, махсус мактаб-интернатларнинг тарбияланувчилари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари, шунингдек, умумтаълим мактабларидан 160 нафар иқтидорли ёшлар саралаб олинган.  

Иштирокчилар робототехника, «No Coding» – кодларсиз дастур яратиш, 3D моделлаштириш ва«Digital Art» каби замонавий йўналишларда ўз билим ва кўникмаларини ривожлантириш имконига эга бўлмоқда.  

Бу йўналишлардаги дарслар соҳанинг энг малакали мутахассислари томонидан олиб борилаётгани ёшларнинг қизиқишларини янада оширишга хизмат қилмоқда.  

Шунингдек, оромгоҳнинг онлайн шакли ҳам ташкил этилиб, унда 3000 дан ортиқ ўқувчи ёшлар рақамли технологияларнинг «DotNet», «No Coding», «Frontend», «Python», «Flutter», «Web Design» каби йўналишларида билим олмоқда. Ушбу формат ёшларнинг қайси ҳудудда эканлигидан қатъи назар, уларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги қобилиятларини ривожлантиришга имкон яратмоқда.  

– Машғулотлар жаҳон ахборот технологияларида кечаётган сўнгги янгиликларни инобатга олган ҳолда олиб борилмоқда, – деди «Digital Generation Uzbekistan» нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Азамат Жалолов. – Масалан, 3D моделлаштириш йўналишида инсон аъзоларининг имплантларини яратиш, веб-саҳифаларни яратишда эса мобилография воситасида энг сўнгги ахборотларни тезкор узатиш, рақамли тасвирий санъат йўналишида «Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги» мавзуси ёшлар нигоҳида очиб берилади.  

Исроил Мақсудов пойтахтимиздаги 102-ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таҳсил олади. Сурдопедагог воситасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида англадикки, оромгоҳнинг барча иштирокчилари каби Исроил учун ҳам замонавий рақамли технологияларга оид машғулотлар ғоят фойдали бўлиб, 3D форматда моделлаштириш бўйича кўплаб маълумотларга эга бўлмоқда.  

– Мен "No coding" йўналишида машғулотларда иштирок этяпман, – деди Тошкентдаги Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабининг 10-синф ўқувчиси Муслима Аъзамхўжаева. – Ушбу тизимдаги маълумотларни тўлиқ ўзлаштириш орқали икки соатда сайт яратиш бўйича билимларга эга бўлдим.  

Оромгоҳ машғулотлари давомида иштирокчилар назарий билимлар билан бирга амалий тажрибаларни ҳам эгалламоқда. Айни пайтда қатнашчилар дарсларда олган билимларини бевосита лойиҳалар яратиш жараёнида қўллаб, жамоавий иш кўникмаларини ривожлантирмоқда. Бу эса ўқувчи-ёшларнинг келажакдаги IT мутахассисликларига қизиқишини ошириш ва рақамли дунёга ишонч билан қадам қўйишларига кўмак беради.  

«Рақамли авлод республика инклюзив IT оромгоҳи»нинг якунида ўқувчилар томонидан тақдим этилган лойиҳалар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади ва энг яхши натижа кўрсатган иштирокчилар тақдирланади. Бу нафақат улар учун катта рағбат, балки келажакда ўз соҳаларида муваффақиятли мутахассис бўлиб етишишлари учун мустаҳкам пойдевор ҳамдир.  

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири