Мамлакатимизда ёшларнинг, айниқса, қизларнинг илм-фан, инновация ва рақамли технологиялар соҳасидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат таълим муассасаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 1 – 6 март кунлари “Рақамли авлод қизлари” республика танловининг финал босқичи ташкил этилди. Унда республикамизнинг турли ҳудудларидан саралаб олинган иқтидорли қизлар ўзларининг инновацион ва истиқболли лойиҳалари билан иштирок этди.

Қувонарлиси, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали вакилларидан ташкил топган жамоа ҳам мазкур нуфузли танловда муносиб иштирок этди. Дастлаб танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 21–30 ёш тоифаси бўйича филиалнинг 1-босқич магистранти Шаҳида Қарлибаева ҳамда жамоа аъзоси Венера Жолдасбаева томонидан тақдим этилган “Ecopost” лойиҳаси ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланиб, 1-ўринни қўлга киритди ҳамда республика финал босқичига йўлланма олди.
Финал босқичида ҳам жамоа ўзининг инновацион ғояси билан фаол иштирок этиб, ғолиблар сафидан жой олди. Лойиҳа ҳакамлар ҳайъати томонидан долзарблиги, амалий аҳамияти ҳамда экологик муаммоларга инновацион ечим таклиф этгани билан алоҳида эътироф этилди.
Таъкидлаш жоизки, “Ecopost” лойиҳаси бугунги кунда экология учун жиддий муаммога айланиб бораётган пластик чиқиндиларни камайтиришга қаратилган. Лойиҳа доирасида таклиф этилган махсус идишлар қўй жунидан тайёрланади ва 100 фоиз табиий, экологик тоза маҳсулот ҳисобланади.

Ушбу экологик идишларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, улар кўчат экиш жараёнида тупроқ билан бирга ерга қўшиб экилади. Натижада идишлар ўсимликларнинг яхши ўсишига хизмат қилади, органик ўғит вазифасини бажаради ҳамда илдизларни турли зараркунандалардан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Финал босқичида тақдим этилган лойиҳалар 5 та йўналиш бўйича сараланди. Танлов якунларига кўра, республика бўйича 12 нафар иқтидорли қиз ғолиб деб топилди. Улар орасида Қорақалпоғистон Республикасидан қатнашган филиал магистранти Шаҳида Қарлибаева жамоасининг ҳам борлиги алоҳида қувонарли.
Танловнинг тантанали тақдирлаш маросимида ғолиб бўлган қизларга Хитой давлатига таълим саёҳати йўлланмаси топширилди. Бу эса ёшларнинг билим ва тажрибасини янада бойитиш, халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда инновацион ғояларни ривожлантириш учун муҳим имконият яратади.
Қорақалпоғистон Республикасидан финал босқичига йўл олган филиал вакилларининг ушбу ютуғи нафақат филиал жамоаси, балки ҳудуд ёшларининг илмий ва инновацион салоҳияти юксалиб бораётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА