ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги 26-умумтаълим мактабида “Рақамли авлод қизлари” танловининг Сурхондарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Бекзод Тошпўлатов иштирок этиб, замонавий билим ва инновацион ғоялар билан майдонга чиққан иштирокчи-қизларга самимий тилаклар билдирди. Рақамли технологияларни эгаллаган, ташаббускор ва билимли қизлар юртимиз келажагининг мустаҳкам пойдевори эканини алоҳида таъкидлади, иштирокчиларга омад тилади.
[gallery-27033]
Танловнинг туман босқичида жами 3101 нафар қиз иштирок этди. Уларнинг 110 нафари вилоят босқичида ўз билимини синовдан ўтказиш имконига эга бўлди. Иштирокчилар таълим, сунъий интеллект, яшил иқтисодиёт ва иқлим ўзгариши билан боғлик йўналишда ўз лойиҳаларини тақдим этди.
16–20 ёш тоифасида 75 нафар, 21–30 ёш тоифасида 35 нафар иқтидорли ва ташаббускор қиз рақамли технологиялар, инновацион лойиҳалар ҳамда замонавий IT ечимлар борасида ўз билим ва салоҳиятини намойиш этди. Танловга жами 82 та инновацион лойиҳа тақдим этилди.
Танлов якунида ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг билим даражаси, креатив ёндашуви, инновацион ғоялари ва лойиҳаларининг амалий аҳамиятига эътибор қаратди. Ғолиблар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА