Сурхондарё вилоятида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат муассасаси ҳамкорлигида “Рақамли авлод қизлари” республика танловининг туман (шаҳар) босқичи бошланди.
2021 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган танлов хотин-қизларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги билим ва малакасини ошириш, уларни замонавий касбга йўналтириш ҳамда ишлаб чиққан ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Шу пайтгача мазкур танловда 16–20 ва 21–30 ёш тоифасида 100 минг нафардан зиёд хотин-қиз иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги “Болалар учун мўлжалланган миллий контентлар яратиш ва уларни оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу йил танлов такомиллаштирилди, яъни рақамли технологиялар, контентлар яратиш билан боғлиқ замонавий касбларни эгаллашга иштиёқи баланд бўлган ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш, саралаб олиш ҳамда уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида “Рақамли авлод” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланди. Эндиликда “Рақамли авлод қизлари” танлови ҳам мазкур лойиҳа доирасида ўтказилади ва танлов ғолиблари хорижий давлатларга таълим саёҳатига юборилади.
[gallery-26090]
Сурхондарё вилоятида бу йилги танловда қатнашиш учун 3096 нафар номзод рўйхатдан ўтган. Улар таълим (996 лойиҳа), сунъий интеллект (901 лойиҳа), иқлим ўзгариши (524 лойиҳа) ва яшил иқтисодиёт (675 лойиҳа) йўналишида ўз лойиҳаларини тақдим этади. Иштирокчилар орасида мактаб ўқувчилари, талабалар, АКТ соҳасига қизиқувчи ёшлар бор. Улар тақдим этган лойиҳалар соҳа мутахассислари, мактаб ва олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан баҳолаб борилмоқда.
8 ноябрга қадар давом этадиган танловнинг туман (шаҳар) босқичида энг яхши деб топилган ва юқори баҳоланган 5 лойиҳа вилоят босқичига тавсия этилади. Вилоят босқичи ўқувчи ва талабаларнинг қишки таътили пайтида, якуний республика босқичи эса баҳор ойларида ўтказилиши режалаштирилган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Sw9tyOadJrU" title="“Raqamli avlod qizlari” bellashuvni boshladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат, видео), ЎзА