French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Raqamli avlod qizlari-2022” лойиҳаси ғолиблари тақдирланди
11:00 / 2022-03-05

Аввалги хабарларимизда маълум қилганимиздек, Президент таълим муассасалари агентлиги ва “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат муассасаи томонидан “Raqamli avlod qizlari-2022” номли лойиҳа ташкил этилган эди.

Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ушбу тадбирнинг ёпилиш маросими бўлиб ўтмоқда.

Мазкур IТ лойиҳаси 5 кун давом этди. Дарслар давомида иштирокчилар мобиль дастурлаш, рақамли дизайн (Fashion), SMM&PR, брандинг ҳамда бизнес аналитика бўйича тажрибали менторларнинг маҳорат дарсларида иштирок этишди. “Raqamli avlod qizlari-2022” тадбиридан кўзланган асосий мақсад аёл-қизларнинг ахборот технологиялар соҳасидаги ролини ошириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Тадбирни агентлик раҳбари Ҳилола Умарова очиб бериб, лойиҳа иштирокчиларининг кейинги ишларига муваффақият тилади.

– Қизларнинг ўз устида тинимсиз ишлашга бўлган интилиши таҳсинга сазовор. “Raqamli avlod qizlari-2022” бу йил иккинчи марта ўтказилмоқда ва қувонарлиси, биз бу йил янада кўпроқ иштирокчиларни қамраб олишга муваффақ бўлдик. Умид қиламанки, сиз бу ерда ўрганганларингизни бошқа қизларга ҳам ўргатасиз. Жамиятда аёл-қизлар касб-ҳунарли бўлса, ўз ўрнини топади. Чунки келажак эгаларини тарбиялаш, етук шахс сифатида шакллантириш уларнинг қўлида. Бу лойиҳа орқали қизларимиз замонавий касб-ҳунарга эга бўладилар.

Машғулотлар оффлайн ва онлайн ўтказилди, унда эшитиш қобилияти заиф болалар, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва танлов жараёнларидан муваффақиятли ўтган 60 нафар иштирокчи қизлар иштирок этди.

Шунингдек, “Raqamli avlod qizlari-2022” давомида “Suzani by Kasimbaeva” бренди асосчиси Мадина Қосимбоева, Исроил давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Зехавит Бен Хиллел ҳамда “Express24”  мутахассиси Самира Латиповалар билан учрашувлар бўлиб ўтди. Мазкур учрашувлар доирасида меҳмонлар қизлар билан ўз фаолиятлари ҳақида сўзлаб берган ҳолда, йўналишлари бўйича кўпроқ изланиш ва мақсад сари бетиним ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлашди.

– Ушбу танловда ўзимнинг “Катта опа” номли лойиҳам билан иштирок этдим. Бу лойиҳа билан нафақат Тошкент шаҳрини, балки барча вилоятларни қамраб олиш режалаштирилган. Барча қизлар бир хил ақл-салоҳиятли эмас, бу лойиҳадан кўзланган мақсад ҳам шундай қизларни жамиятда фаол бўлишларига кўмаклашишдан иборат. Бу лойиҳа кенг оммалашса, чекка-чекка вилоятдаги хотин-қизларимиз қўллаб-қувватланар эди, – дейди танлов ғолибларидан бири Оҳиста Қурбонова.

Ҳар бир йўналиш бўйича иштирокчи қизлар ўз лойиҳаларини тақдимот қилишди ва ҳакамлар ҳайъати томонидан уларнинг лойиҳалари баҳоланиб, ҳар бир номинация бўйича жами 16 нафар ғолиб аниқланди. Уларга сертификат ва   қимматбаҳо совғалар топширилди.

Файзулло Яҳёев, 
ЎзА