Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан "Google" компанияси ҳамда "Digital Generation Uzbekistan" нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ахборот технологиялари соҳасига қизиқиш билдирган ёшлар учун "Рақамли авлод IT ҳафталиги" тадбири ўтказилмоқда.
Мазкур ҳафталик замонавий ахборот технологияларига қизиқувчи ўқувчиларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, уларнинг қизиқишларини янада кучайтириш, янги изланишларга туртки бериш мақсадида ташкил этилди.
Ҳафталик доирасида Robo Labirint, Robo Futbol, DG Contest, Cyber sport йўналиши бўйича мусобақалар ва GDG Google Devfest тадбири ташкил этилади. Шунингдек, ҳафталик семинарлари, ўқув машғулотлари, маҳорат дарсларида ўндан ортиқ халқаро ахборот технологияларига оид компанияларнинг вакиллари ҳам мураббий сифатида иштирок этади.
Робототехника республика мусобақаларида 101-, 102-, 106- ихтисослаштирилган мактаблардан ҳам эшитиш қобилияти заиф болалар иштироки кўзда тутилган.
Онлайн ва офлайн форматдаги мазкур тадбирда жами уч ярим минг нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этмоқда.
–Лего қурилмаларидан роботча ясадик, – деди Тошкент шаҳрининг 112-мактаби ўқувчиси Сарвар Саъдуллаев. – Бу роботни ўртоғим Камрон Эрмуҳамедов билан биргаликда тайёрладик. Унга махсус дастур бириктирилган. Роботимизни роболабиринт мусобақасида иштирок этишга шайлаяпмиз. У мураккаб лабиринт йўлларидан беталофат чиқиб кетишига ишонамиз.
Камрон Эрмуҳамедовнинг айтишича, бундай машғулотлар бўш вақтга умуман ўрин қолдирмайди. Ақлни чархлайди. Келгусида эса болалар уй-рўзғор юмушларини бажарувчи робот ясашни кўзлашмоқда.
Умуман олганда, "Рақамли авлод IT ҳафталиги" ахборот технологиялари, робототехника соҳаларига қизиқувчи болаларни бир маърифий майдонга тўплагани билан аҳамиятлидир.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири