Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Рақамли авлод – 2025” инклюзив оромгоҳи – ўқувчилар орзусидаги лойиҳа
17:57 / 2025-08-28

Замонавий рақамли технологиялар бугунги кунда ўқувчилар энг кўп қизиқадиган соҳа саналади. Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллигига бағишлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат таълим маркази билан ҳамкорликда “Рақамли авлод – 2025” инклюзив ахборот технологиялари оромгоҳи тадбири ташкил этилди.

Тошкент вилоятининг сўлим Бўстонлиқ туманидаги “Ренессанс” оромгоҳида ўтказилаётган ушбу маърифий лойиҳа Президент мактаблари, ихтисослаштирилган таълим масканлари, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб, умумтаълим мактабларининг ўқувчиларини бир жойда жамлагани, инклюзив аҳамиятга эгалиги билан диққатга сазовор бўлди. 

–Бу йилги оромгоҳ машғулотларида асосан икки йўналишга кўпроқ эътибор қаратилмоқда, – деди “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат таълим маркази раҳбари Азамат Жалолов. – Иштирокчи-ўқувчиларга дрон технологиялари, дрон операторларига оид батафсил билим ва маълумот берилади. Бугун дронлар наинки ҳарбий, балки қишлоқ хўжалиги, кадастр каби соҳаларда ҳам фаол қўлланилмоқда. Машғулотларда дронларнинг сунъий интеллект билан боғлиқлигига ҳам катта аҳамият қаратилади. 

Дарҳақиқат, бу йилги “Рақамли авлод” инклюзив оромгоҳининг машғулотлари маҳоратли менторлар иштирокида сунъий интеллект, веб-дизайн, Digital art (комикслар ва миллий контентлар), DevOps, Dot net, Flutter, Vue js каби йўналишларда бўлиб ўтаяпти. 

[gallery-25015]

Машғулотларда онлайн ва офлайн форматда илғор ахборот технологиялари соҳасига қизиқувчи 4 минг нафардан ортиқ ўқувчи-ёш иштирок этмоқда. 

Жорий йилги мавсум давомида робототехника бўйича республика мусобақаси ҳам ташкил этилиши кутилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, устоз ижодкор Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” шеъри асосида анимацион тасвирий воситалар ҳам яратилиши режалаштирилган. 

Мадинабону Қаюмова – Ал-Беруний номидаги халқаро мактабнинг ўқувчиси. У ахборот технологиялари, айниқса робототехникага жуда қизиқади. 

– Биз ушбу оромгоҳ машғулотлари давомида рақамли технологияларнинг мутлақо янгича йўналишларини, дрон технологиялари, код яратиш каби мавзуларни пухта ўзлаштирмоқдамиз, – деди Мадинабону Қаюмова. – Бу ерда ўзимиз каби ахборот технологияларига қизиқадиган кўплаб дўстлар орттирдик. Билимларимиз бойимоқда. Ўйлайманки, келгусида робототехника соҳасида мутахассис бўлишимда мазкур оромгоҳ машғулотларида ўрганган билимларим жуда керак бўлади. 

Оромгоҳ машғулотлари мусобақалар тарзида ўтказилаётгани билан аҳамиятли. 

Шуни ҳам айтиш керакки, “Рақамли авлод” лойиҳаси 2019 йилдан буён мунтазам тарзда ўтказиб келинади. Ушбу лойиҳа XXI асрдаги энг талаб катта бўлган соҳалардан бири – ахборот технологияларини ўрганиш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Эътиборга молик жиҳати, ҳозирги кунда ушбу лойиҳага 30 минг нафардан ортиқ ўқувчи-ёш қамраб олинган. 

Назокат Усмонова, Ўктам Ҳайитов, Дониёр Якубов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари