Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Рақамли авлод – 2022” IT оромгоҳи иш бошлади
13:06 / 2022-08-25

Пойтахтимизда Президент таълим муассасалари агентлиги, “Замин” Халқаро жамоат фонди ва “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишлаб “Рақамли авлод – 2022” IT оромгоҳи ўз фаолиятини бошлади.

Онлайн ва оффлайн форматда ташкил этилган дарсларда “Янги Ўзбекистон” университети, Президент мактаблари, ижод мактаблари, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари, заиф эшитувчи мактаб-интернатлар, Меҳрибонлик уйларининг ўғил-қизлари иштирок этди. 

[gallery-8488]

Замонавий ахборот ва медиа технологияларга қизиқувчи ёшлар учун дастурлашнинг Python, Flutter, React.Js, C#(.Net), медиа, робототехника, Digital Design, Startup лойиҳаларга оид машғулотлар  ўтказилмоқда. 

– Бугунги кунда ёшларнинг замонавий технологияларга қизиқиши катта, – деди Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фазлиддин Исмоилов. – IT оромгоҳ машғулотлари ҳам айнан ўқувчи-ёшларнинг қизиқишини инобатга олган ҳолда ташкил этилган. Ҳозирда оромгоҳнинг онлайн машғулотида 3300 нафар, оффлайн машғулотида эса 170 нафардан ортиқ ўқувчи-ёш қатнашмоқда. Машғулотларда эса хорижий компанияларда ишлаётган ва ўз соҳасининг устаси бўлган ёш мутахассислар дарс берадилар. 

– Компьютер графикаси ва дизайн йўналишига жуда қизиқаман, – деди Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Севинч Намозова. – Ушбу оромгоҳ ўзимиз каби IT ва медиага қизиқувчи тенгдошларимиз билан танишиш, замонавий ахборот технологияларига доир билимларимизни янада бойитиш имконини беради. 

Беш кун давом этадиган оромгоҳ машғулотлари доирасида хакатон, контест, роболабиринт мусобақалари, тажрибали дастурчилар иштирокидаги маҳорат дарслари ҳам бўлиб ўтади. 

 

Назокат Усмонова, 
ЎзА мухбири