Наманган шаҳрида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида бюро идораларида рақамлаштириш самаралари, ўтган 2025 йилда бошқарма ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан суд ва бошқа органлардан келаётган ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Тадбир аввалида МИБ Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Бекзод Мирзааҳмедов ахбороти тингланди. Унга кўра, Президентимизнинг 2024 йил 3 январдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан рақамлаштириш жараёни ижро тизимига изчиллик билан татбиқ қилинди.

Бугунги кунда бюронинг “МИБ – портал” дастури 39 та вазирлик, идора ва ташкилотнинг 68 та ахборот тизимига интеграция қилиниб, судлар ва 52 та маъмурий органдан ижро ҳужжатларини электрон тарзда қабул қилиш йўлга қўйилди. Ҳозирда 36 та ижро ҳаракатидан 22 таси янги электрон платформа орқали амалга оширилмоқда.
Бунинг натижасида, Наманган вилоятида ўтган йилнинг ўзида ижро иши доирасида 615 минг қарордан 260 мингтаси ёки 42 фоизи инсон омили аралашувисиз, автоматик тарзда қабул қилинган. Ҳар бир ижро ҳаракати, шу жумладан, қўлланилган чекловлар ҳақида қарздорларни автоматик хабардор қилиш тизими йўлга қўйилгандан кейин, 895 минг “SMS” хабарнома автоматик тарзда фуқароларга жўнатилди.

Муҳим жиҳати шундаки, ижро жараёнида қарздорлар мулкларини бегоналаштириш орқали тўловлардан бўйин товлашнинг олдини олиш мақсадида мулкларни аниқлаш, уларга тақиқ қўйиш, транспортларга қидирув эълон қилиш, юридик шахсларнинг ҳисоб-варақларига инкассо ва банд қўйиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилди.
Шунингдек, ўтган йили қарздорларга тегишли 312 минг 853 та кўчмас мулкка ва 154 минг 821 та автотранспорт воситасига тақиқ, ҳисоб-варақларга эса 81 минг 340 та банд, 27 минг 700 тага инкассо қўйилди ва 67 минг 239 та транспортга қидирув эълон қилинди.

Аҳамиятлиси, соҳани рақамлаштириш туфайли меҳнат унумдорлиги қарийб уч баробарга ошди. Жумладан, 2021 йилда бир нафар давлат ижрочиси ойига ўртача 92 та ижро ишини тамомлаган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 277 тага етди. Албатта, соҳадаги рақамлаштириш жараёнлари ижро самарадорлиги ошишига хизмат қилмоқда. Кўрилган чоралар натижасида 2025 йилда 2,2 триллион сўм ундирилиб, 614 минг ҳужжат ижроси таъминланди.
Ахборот технологиялари ёрдамида масофавий тарзда ишлайдиган МИБ туманлараро бўлимлари томонидан 74,8 миллиард сўмлик 164 минг 550 та ҳужжатнинг ижроси таъминланди. Бугунги кунда муҳим стратегик йўналишларидан бири – энергия ресурслари соҳасида 3 минг 837 та ҳужжат тамомланиб, 49,9 миллиард сўмлик қарздорлик ундирилди. Бундан ташқари ижтимоий аҳамиятга эга ижро ҳужжатлари борасида ҳам тизимли ишлар қилинмоқда.

Қайд этилганидек, 2026 – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да жойларда давлат ижрочилари ҳам қарорлар ижросини таъминлашда вилоятдаги 754 та маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Маҳаллалардаги “еттилик” билан ишлаш ва аҳолининг долзарб масалаларига қулоқ тутиш, мулоқотга киришиш бюро тизими фаолиятининг муҳим йўналишларидан бўлиб қолади.
Матбуот анжумани давомида журналистлар ва блогерларни соҳага оид қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.