Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш — муҳим вазифа
12:23 / 2026-02-13

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида жойлашган “Нурли манзил” насос станциясида сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмларини такомиллаштиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Сирдарё–Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбарияти, марказий аппарат ходимлари, насос станциялари ва энергетика бўлими мутахассислари, хусусий сектор вакиллари иштирок этишди. Муҳокамалар марказида — сув хўжалигини замонавий бошқарув босқичига олиб чиқиш масаласи турди.

Семинарда насос агрегатлари иш фаолиятини масофадан мониторинг қилиш, энергия сарфини онлайн назорат қилиш, носозликларни сунъий интеллект орқали олдиндан прогноз қилиш имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди. Мутахассислар таъкидлашича, рақамлаштириш орқали электр энергияси сарфини 10–15 фоизгача қисқартириш, техник хизмат кўрсатиш харажатларини камайтириш ва инсон омили билан боғлиқ хатоларни минималлаштириш мумкин.

“Нурли манзил” насос станцияси бугун “Юлдуз чорва далалари” МЧЖ билан тузилган давлат-хусусий шериклик битими асосида фаолият юритмоқда. Станцияда 6 дона насос агрегати ўрнатилган бўлиб, умумий қуввати 960 кВт/соатни ташкил этади ва 1000 гектар ер майдони кафолатли суғориш суви билан таъминланмоқда.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик муносабатлари “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун асосида тартибга солинади. Ушбу механизм орқали давлат инфратузилма объектларига хусусий инвестицияларни жалб этади, хусусий шерик эса лойиҳани молиялаштириш, модернизация қилиш ва самарали бошқариш орқали ўз сармоясини қайтариш имконига эга бўлади. Халқаро молия институтлари маълумотларига кўра, сув хўжалиги ва ирригация соҳасида ДХШ лойиҳалари жорий этилганда эксплуатация самарадорлиги ошади, харажатлар қисқаради ва хизмат сифати яхшиланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар насос станциялари босқичма-босқич давлат-хусусий шериклик моделига ўтказилса, биринчи навбатда техник қайта жиҳозлаш тезлашади, энергия тежовчи ускуналар жорий этилади ва бюджет юки камаяди. Шу билан бирга, хусусий секторнинг менежмент тажрибаси ҳисобидан сув етказиб бериш барқарорлиги таъминланади. Бироқ бунда тариф сиёсати, ижтимоий мажбуриятлар ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш устидан давлат назорати сақланиб қолиши муҳим омил сифатида қайд этилди.

Семинар якунида сув хўжалиги тизимида рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, сунъий интеллект элементларини амалиётга босқичма-босқич татбиқ этиш ҳамда давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар кўламини кенгайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидлаш жоиз, сув — стратегик ресурс. Уни самарали бошқариш эса нафақат аграр тармоқ барқарорлиги, балки озиқ-овқат хавфсизлиги ва ҳудудий ривожланиш билан ҳам бевосита боғлиқ. “Нурли манзил” тажрибаси шу жиҳатдан соҳада янги бошқарув модели шаклланаётганининг амалий намунаси сифатида аҳамият касб этади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири