Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамлаштириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим «драйвери»
15:15 / 2022-04-20

Глобал пандемия бошланиши билан рақамли технологияларнинг роли сезиларли даражада ўсди, бу эса рақамли трансформациянинг, айниқса, ривожланаётган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон учун муҳимлигини кўрсатди.

Ҳақиқатан ҳам, рақамли трансформация жамиятни янада модернизация қилиш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш салоҳиятига эга. Шу нуқтаи назардан, амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг келгуси беш йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси доирасида барча асосий соҳаларни рақамлаштириш ҳамда мамлакатда ҳақиқий ахборот жамиятини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон 2000 йилларнинг бошлариданоқ ахборот-коммуникация технологиялари (AКТ)ни ривожлантириш ва рақамлаштиришга устувор аҳамият бера бошлади. Жумладан, “2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури”, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” ва “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”да миллий иқтисодиёт, саноат ва умуман жамиятда рақамли трансформацияни амалга оширишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Хусусан, мамлакатимиз электрон ҳукуматининг асосий тизими – Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ишга туширилгач, ушбу соҳада, шунингдек, давлат бошқарувида янги технологияларни жорий этиш ва рақамлаштиришда салмоқли ютуқларга эришилди. Натижада, 2022 йилнинг январь ойи ҳолатига кўра, давлат хизматларининг 56 фоизи my.gov.uz орқали тақдим этилган бўлса, мазкур электрон ҳукумат платформасида давлат хизматлари сони 307 га етди ҳамда электрон давлат хизматларидан 1,3 миллиондан ортиқ фуқаро фойдаланган. Шу билан бирга, Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчиларнинг умумий сони эса жорий йил бошида 27,2 миллион етган.

Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида республиканинг АКТ тизимлари ва рақамли инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида соҳага катта миқдордаги инвестициялар жалб қилинди. Натижада, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2017-2021 йилларда ахборот ва алоқа соҳасида ялпи қўшилган қиймат 2 баробардан зиёд ошиб, 2021 йилда 11,8 триллион сўмга (1 миллиард AҚШ долларидан ортиқ) га етди.

Шунингдек, Ўзбекистонда IТ-парклар ташкил этилгандан буён соҳадаги экспорт ҳажми 50 баробар ошди ва 46 миллион AҚШ долларига етди. Паркнинг доимий резидентлари сони 147 тадан 500 тага кўпайди, 300 дан ортиқ янги компания очилди ҳамда 8500 та юқори ҳақ тўланадиган иш ўрни яратилди. Ҳозирги кунда IТ-паркларда 11 мингдан зиёд ёшлар фаолият юритмоқда.

Мамлакатимизда оптик толали алоқа линияларининг умумий узунлиги 2017 йилдан буён сезиларли даражада ўсди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотига кўра, 2017-2022 йилларда бу кўрсаткич қарийб 6 баробар ошиб, 2022 йилнинг январь ойида оптик толали алоқа линияларининг жами узунлиги 118 минг километрга етди. Шунингдек, 2017 йилдан бошлаб халқаро маълумотлар узатиш тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти 28 мартага ўсиб, 64,2 Гбит/с дан 1800 Гбит/с гача ошди.

Таъкидлаш жоизки, глобал пандемия рақамлаштириш ва рақамли трансформация заруратини кўрсатиб, IТ соҳасидаги долзарб масалаларни бартараф этиш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистоннинг рақамлаштириш стратегияси қайта кўриб чиқилди ва такомиллаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 5 октабрдаги фармонига асосан “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси, шунингдек, 2020-2022 йилларда уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Стратегия икки дастурни: ҳудудларни рақамлаштириш ва тармоқларни рақамлаштиришни назарда тутиб, рақамли инфратузилма, электрон ҳукумат, рақамли технологиялар миллий бозори, ахборот технологиялари соҳасида таълим ва малака оширишни ривожлантириш каби устувор йўналишларни ўз ичига олади.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини муваффақиятли амалга оширишнинг энг муҳим шартлари соҳанинг молиявий таъминоти ва аҳолининг рақамли саводхонлигини оширишдан иборат. Шундай қилиб, ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошқа тегишли давлат органлари билан биргаликда 2022 йил охирига қадар мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш ва умумтаълим мактабларини рақамлаштиришни якунлаш чораларини кўради.

Шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” бошқа миллий стратегик ҳужжатлар ва дастурларда назарда тутилган вазифалар, хусусан, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича миллий вазифалар ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, жорий ийлнинг 28 январь куни қабул қилинган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси” – инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш; мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш; миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш; адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш; маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш; миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш; мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш каби 7 та устувор йўналишлар доирасида кейинги беш йилда эришиш керак бўлган юзта стратегик мақсадларни ўз ичига олади.

Тараққиёт стратегиясида ҳам муҳим соҳаларни рақамлаштирилишга алоҳида эътибор қаратилиб, давлат хизматлари, суд тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, йўл ҳаракати бошқаруви тизими, соғлиқни сақлаш тизими, ижтимоий хизматлар, банк ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари ва миллий иқтисодиётнинг бошқа асосий соҳаларига янги технологияларни жорий қилиш белгиланган.

Хусусан, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, электрон давлат хизматларининг улушини 100 фоизга етказиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва уларнинг 20 фоизини хусусий секторга ўтказиш, давлат хизматларини кўрсатишда шахсни идентификация қилишнинг Mobile ID тизимини жорий қилиш, шунингдек, “Фуқароларнинг рақамли паспорти” ва «Рақамли идора» лойиҳаларини амалга ошириш каби бир қатор вазифалар кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни – 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш учун замин яратиш режалаштирилмоқда.

Шу муносабат билан рақамли иқтисодиётни асосий «драйвер» соҳага айлантириб, 2026 йил охирига қадар унинг ҳажмини камида 2,5 баравар ошириш, бунда дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баравар, уларнинг экспортини эса 10 баравар ошириб, 500 миллион АҚШ долларига етказиш, шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторида ҳамда молия ва банк соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларни рақамлаштириш даражасини 70 фоизгача ошириш белгиланган. Бундан ташқари, шаҳарларни рақамлаштириш, қурилиш ва лойиҳалаштириш ишлари сифатини ошириш ва «Ақлли шаҳар» концепцияси доирасида ривожлантиришга устувор аҳамият берилмоқда.

Умуман олганда, рақамли технологиялар пандемиядан кейинги тикланишда, шунингдек, барқарор иқтисодиётни қуришда марказий роль ўйнайди. Шу боис рақамлаштириш ва рақамли трансформация Ўзбекистон каби ривожланаётган мамлакатлар учун асосий устувор вазифа бўлиши лозим.
 

Кейинги йилларда Ўзбекистон AКТни ривожлантириш ва рақамлаштириш соҳасида, айниқса, электрон давлат хизматларини кўрсатишда юқори натижаларга эришди. Шу билан бирга, Жанубий Корея, Россия, Эстония, Хитой билан давом этаётган ҳамкорлик билан бир қаторда, Германия, Буюк Британия, AҚШ, Сингапур, Япония каби технологик жиҳатдан ривожланган давлатларни мамлакатнинг IT-секторига жалб қилиш, халқаро ҳамкорларнинг географиясини диверсификация қилиш муҳим аҳамиятга эга. Рақамли экотизимга, IT инфратузилмасига ва электрон хизматларга инвестициялар миллий иқтисодиётни янада модернизация қилиш ва барча соҳаларда инклюзив ўсишни жадаллаштиришга хизмат қилади.

Фаррух ҲАКИМОВ,

“Тараққиёт стратегияси” маркази

бўлим бошлиғи.

ЎзА