Жиззах вилоятида “Ақлли ва хавфсиз шаҳар” платформаси орқали туризм соҳасини рақамлаштириш лойиҳасини босқичма-босқич амалга оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 31 декабрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ривожланиш соҳаларидаги стратегик таҳлил ва тадқиқот қилиш фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаб берилган эди. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида “Зомин” туристик-рекреацион зонаси ҳамда “Бахмал” ўрмончи экотуризм масканида “Ақлли ва хавфсиз шаҳар” платформасини жорий этиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётгани таҳсинга лойиқ иш бўлди.

Рақамли технологиялар вазирлиги, Ягона интегратор – “Uzinfocom” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Зомин туман ҳокимлиги вакиллари томонидан ҳам жойларда амалий ишларга жиддий киришилди.
Туманда туризм соҳасини ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш ва рақамли хизматлар орқали сайёҳлар учун қулай муҳит яратиш мақсадида ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субектлари, хизмат кўрсатиш муассасалари, хостеллар, оилавий ва йирик меҳмон уйлари, меҳмонхоналар ҳамда умумий овқатланиш масканларини ягона рақамли платформага интеграция қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу эса ўз навбатида, “Зомин” туристик-рекреацион зонасидаги инфратузилмани замонавий рақамли технологиялар асосида автоматлаштириш, хавфсизлик ва хизмат сифати бўйича миллий ва халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда туризм хизматларини рақамлаштириш орқали шаффофликни ошириш, ички ва ташқи сайёҳлар оқимини қулай таҳлил қилиш имкониятларини яратиб бермоқда.
Туманда жойлашган туристик ва хизмат кўрсатувчи объектлардаги тадбиркор ва масъулларга платформанинг техник имкониятлари ва афзалликлари ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилиб, тизимга уланиш тартиби амалий тарзда намойиш этилмоқда. Шунингдек, тизим орқали хизмат кўрсатишнинг қулайлиги, хавфсизлиги ва бизнесга таъсири юзасидан батафсил маслаҳатлар берилаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.
Ушбу платформа орқали барча туристик хизматлар ягона рақамли майдонга бирлаштирилади. Бу эса тадбиркорлар учун хизмат кўрсатишда янги имкониятлар, туристлар учун қулай ахборот макони ва хавфсизлик кафолати, давлат идоралари учун рақамли таҳлил ва мониторинг механизмларини яратиб беради.
Зомин туманидаги каби амалий семинар ва машғулотлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич ташкил этилиши режалаштирилган.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири