Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамлаштириш савдо тизимида янги даврни бошлаб берди
16:05 / 2025-11-08

Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш ва барча соҳаларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бинобарин инсон омилини қисқартириб, шаффофликни таъминлаш ва фаолиятда коррупция, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва бундай иллатларга муросасиз курашиш долзарб вазифа эканлигини давр тақозо этмоқда. 

Бу борада Наманган вилоятида бозорлар ва савдо мажмуаларини рақамлаштириш ишлари жадаллаштирилиб, “Йўл харита”ларида белгиланган лойиҳа ва зарур тадбирлар тўлиқ бажарилмоқда.

Вилоят бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини мувофиқлаштириш уюшмасининг маълум қилишича, ҳозирга қадар Наманган шаҳридаги “Чорсу деҳқон универсал бозори”, “Ёшлик барака бозори”, “Яшил деҳқон бозори”, туманлардаги Норин, Уйчи, Янгиқўрғон, Тўрақўрғон деҳқон бозорлари, “Уйчи Ёрқўрғон барака бозори”, “Шоҳидон деҳқон бозори”, “Бекобод барака мажмуаси”да рақамлаштириш ишлари якунига етказилди.

Вилоят марказида жойлашган энг гавжум савдо нуқтаси ҳисобланган “Чорсу деҳқон универсал бозори”да бозор маъмурияти, Наманган шаҳар ҳокимлиги, вилоят статистика бошқармаси, вилоят бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини мувофиқлаштириш уюшмаси ҳамда соҳага дахлдор бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида рақамлаштириш ишлари олиб борилди. 

– Мазкур лойиҳани рўёбга чиқариш учун ўтказилган тендер натижаларига асосан бозор маъмурияти ҳамда “Tech Data Soft” корхонаси ўртасида полиз ва яшил маҳсулотлар растасини рақамлаштириш учун 300 миллион сўмлик шартнома имзоланди. Жиҳозларни сотиб олишга 166 миллион сўм маблағ ўтказилиб, махсус аппаратлар ўрнатилди. Яъни, илк босқичда 144 дўкон ва савдо ўрни алоҳида абонент сифатида рўйхатдан ўтказилди. Шунингдек, зира ва дон маҳсулотлари растаси ҳам рақамлаштирилиб, савдо жойлари бўйича рақамлаш, кузатув камераларини ўрнатиш ва созлаш ишлари бажарилди. Қайд этиш даркор, “Чорсу деҳқон универсал бозори” акциядорлик жамиятидаги дастлабки ўрганишларда 48 нафар фуқаро ноқонуний иш юритиб келганлиги, 71 якка тартибдаги тадбиркор ҳужжатларда фаолиятини тўхтатиб, амалда эса бозорда ўз ишини давом эттириб келганлиги аниқланган. Рақамлаштириш ишларидан кейин, мазкур тадбир ўз самарасини берди. Бозорнинг бир ойлик тушум миқдори 200 миллион сўмга камайиб, 800 миллион сўмга етди. Келгусида ушбу бозорнинг қолган раста ва турғун савдо шохобчалари ҳам рақамлаштирилади, – дейди “Чорсу деҳқон универсал бозори” бошқарувчиси Нодирбек Дадабоев.

Эътиборлиси, вилоят статистика бошқармаси ташаббуси билан бозорларда бешинчи нарх ўрта кузатувини ўтказиш тартиби жорий этилмоқда. Яқинда “Чорсу деҳқон универсал бозори” мисолида оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтилганидек, мазкур янги электрон тизимдан мақсад бозор ва дўконлардаги маҳсулотларнинг минимал, максимал ва ўртача нархларини аниқлашдир.

Янги кузатув орқали ҳафталик истеъмол нархлари индекси ҳисоб-китоблари амалга ошириб борилади. Наманган вилояти бўйича истеъмол нархлар индексига тушган шаҳар, туманлар сони тўрттани ташкил қилади. Ушбу ҳудудларда кузатувдаги жами 510 товар ва хизматлардан қисқа муддатли истеъмол нархлар индексини ҳисоблаш учун 65 турдаги товарлар ва хизматлар нархлари ҳафталик ўрганиб борилади. Мазкур шаҳар, туманлар ҳудудларнинг жойлашуви, аҳоли сони ҳамда чакана товар айланмасидан келиб чиққан ҳолда танлаб олинади.

Кузатувлар жараёни аҳолининг кундалик истеъмолида муҳим ўрин тутадиган асосий маҳсулотлар нархларини мунтазам ўрганиш, нархлар барқарорлигини таҳлил қилиш ва иқтисодий тўғри қарорлар қабул қилишда алоҳида аҳамият касб этади.

Хуллас, бозорларда коррупциявий хавф-хатарларни келтириб чиқариши мумкин бўлган омиллар бартараф этилмоқда. Бунда бир мартали йиғимлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни инсон омилисиз, хусусан онлайн “QR” код билан тасдиқланадиган тўлаш тизимини барча савдо нуқталарида жорий этилиши таъминланмоқда. Бозорларда тегишли кўчмас мулк объектларини ижарага бериш тизими рақамлаштирилмоқда. Бозорлар атрофидаги автотураргоҳга кириш-чиқишни назорат қилиш ва тирбандликнинг олдини олувчи электрон кузатув тизими жорий этиляпти. Бундай чоралар “Рақамли бозор” ва “Хавфсиз бозор” тамойиллари асосида олиб борилаётгани эътиборга молик.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.