Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамлаштириш самарасида пойтахт транспорти тушумлари 644 миллиард сўмга етди
15:56 / 2026-02-25

Пойтахт жамоат транспорти тизимида сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бера бошлади. 2025 йил якунларига кўра, Тошкент шаҳрида автобусда йўловчи ташишдан олинган даромад 644 миллиард сўмга етди ва ўтган йилга нисбатан 16 фоизга ўсди. Бу натижа фақат тариф ёки йўловчи сони ошиши билан эмас, балки соҳада жорий этилган рақамли назорат, электрон тўлов тизимлари ва ҳаракат интервалларининг қисқариши билан изоҳланмоқда.

Транспорт вазирлиги ташаббуси билан жорий этилган рақамли мониторинг ва автоматлаштирилган ҳисоб-китоб механизмлари автобус қатновларини тўлиқ назоратга олиш имконини берди. Натижада соҳа нафақат иқтисодий жиҳатдан барқарорлашди, балки йўловчилар учун қулай ва шаффоф хизмат тизими шакллана бошлади.

Соҳа масъуллари бу ўсишни, аввало, йўл ҳақи тўловларининг тўлиқ рақамлаштирилиши ва автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилгани билан изоҳламоқда.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Рақамли транспорт маркази маълумотига кўра, автобус қатновлари тўлиқ рақамли мониторингга олинган. Ҳар бир автобуснинг йўналиши, бекатларга етиб келиш вақти, ҳаракат интервали ва рейс бажарилиши автоматик тарзда кузатилади.

Марказ раҳбариятининг таъкидлашича, автобусларга ўрнатилган махсус йўловчи оқимини ҳисобловчи қурилмалар орқали аниқ статистик маълумотлар шакллантирилмоқда. Бу эса тушумларнинг шаффофлигини таъминлаш, нақд пул айланмасини қисқартириш ва яширин иқтисодиёт хавфини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Таҳлилларга кўра, автобуслар ҳаракат интервали икки баробарга қисқарган. Аввалги 18–20 дақиқалик кутуш вақти ҳозирда 8–10 дақиқани ташкил этмоқда. Бу эса йўловчилар учун қулайликни ошириш билан бирга, жамоат транспортига бўлган ишончни мустаҳкамлади.

Натижада кунлик йўловчи оқими 650 минг нафардан 1,4 миллион нафаргача кўпайган. Демак, жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони қарийб икки баробар ошган.

Мутахассисларнинг таькидлашича, электрон тўлов тизимларининг кенг жорий қилиниши тушумларнинг ошишига бевосита таъсир кўрсатган. Банк карталари ва транспорт карталари орқали амалга оширилаётган тўловлар ҳисоб-китобнинг аниқлигини таъминламоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА