Самарқанд вилоят прокуратурасида вилоятда коррупцияга қарши курашиш, бу борада “Самарқанд тажрибаси” юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Сарвар Бозоров давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 5 март куни коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш ва бу иллатга қарши муросасиз курашиш борасидаги ишлар юзасидан ахборот берди.
– Коррупция ҳолатларини таҳлил қилиш ва олдини олиш мақсадида вилоят прокуратураси маҳкамаси ходимлари вилоят миқёсидаги 88 та ташкилотга, туман ва шаҳар прокуратураси ходимлари туман, шаҳарлардаги ташкилотларга бириктирилди, – деди С.Бозоров. – Ҳар ой коррупция хавфи юқори бўлган битта давлат ташкилотида коррупциявий омиллар тўлиқ ўрганилиб, натижалари коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш йиғилишларида танқидий муҳокама қилиб борилиши йўлга қўйилди. Жумладан, апрель-сентябрь ойларида вилоят солиқ, камбағалликни қисқартиш ва бандлик, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимида ўрганишлар ўтказилди. Мазкур ўрганишлар таҳлил қилинган ҳудудий кенгаш йиғилишларида 274 нафар ходим интизомий, 20 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилди, 21 нафар ходим ротация қилинди ва 35 нафари ишдан бўшатилди.
Илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида коррупцияга қарши муросасиз муҳит яратиш, ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантириш мақсадида прокуратура, суд, ички ишлар ва адлия идоралари ходимлари вилоятдаги мактабларга бириктирилди. Улар ҳар ҳафта жума куни маънавият соатлари негизида 6-синфдан бошлаб коррупцияга қарши курашиш бўйича дарс машғулотларини олиб бормоқда. Дарс машғулотлари ўтиш учун 6-7, 8-9 ва 10-11 синфлар учун “Ҳалоллик ва тўғрилик” номли ўқув қўлланмалари тайёрланди.

Коррупцияга қарши курашиш борасида “Самарқанд тажрибаси”ни яратиш мақсадида соҳалар бўйича фаолиятни рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “Sam - bozor” (рақамли бозор) дастури ишлаб чиқилиб, вилоятдаги 19 та бозор фаолиятига татбиқ этилди.
– Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2024 йил июль ойида 19 та бозорнинг ойлик ўртача тушуми 4,2 миллиард сўмни ташкил қилгани ҳолда ушбу дастур ишга туширилиши натижасида жорий йилнинг июль ойида тушум миқдори 6,7 миллиард сўмга етди, – дейди Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Хуршид Мусурмонов. – Ноқонуний фаолият юритаётган 760 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти қонунийлаштирилиб, яратилган 869 та иш ўринларида фуқароларнинг қонуний бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, вилоятда мавжуд 56 та автотураргоҳ рақамлаштирилиб, “Hik - Sentral” дастури ўрнатилгач, автомашиналар кириб-чиқиши жараёнидаги маиший коррупция ва яширин иқтисодиётга барҳам берилди. Бунинг натижасида 2024 йилнинг 7 ойида автотураргоҳлардан 2,3 миллиард сўм тушум қайд этилган бўлса, жорий йилнинг 7 ойида тушум миқдори 6,9 миллиард сўм бўлди.

Вилоят солиқ бошқармасида ситуацион марказ ташкил этилиб бозорлар ва автотураргоҳлар фаолияти тўлиқ назорат қилинмоқда.
Электр энергияси таъминотидаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш учун Самарқанд тумани ва Самарқанд шаҳри электр тармоқлари корхонасининг 54 нафар ходимига бодикамера ва планшет берилди. Бу чора туфайли икки ҳудудда июль ойида 7,9 миллиард сўмлик 389 ҳолат аниқланди. Унгача эса, масалан, апрель ойида жами 625 миллион сўмлик 47 та ноқонуний ҳолат қайд этилган эди.
Бундан ташқари, вилоятдаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жарима майдончалари, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниялари, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи транспорт корхоналари, сув тақсимлаш иншоотлари, тиббиёт бирлашмалари, давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари, тажриба сифатида Самарқанд ва Оқдарё туманлари солиқ инспекциялари инспекторлари фаолияти рақамлаштирилиб, коррупциявий ҳолатларнинг олди олинди.
Матбуот анжуманида шунингдек, вилоятда яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасидаги ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири