Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақамлаштириш – ер ҳисобини юритишнинг шаффоф тизими
17:47 / 2022-06-21

Миллий матбуот марказида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Қайд этилишича, 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-худудий чегарасидаги жами ерлари 44 миллион 892 минг гектарни ташкил этади. Ушбу майдонлар фойдаланиш мақсадига қараб 8 та тоифага бўлинади. Булардан қишлоқ хўжалиги ерлари 22 миллион 116 минг гектарни ташкил этади. Шунда суғориладиган ерлар 3 миллион 200 минг гектардан ортиқ. 

Кадастр агентлиги берган маълумотларга кўра, хатлов ишлари замонавий ўлчов асбобларидан фойдаланган ҳолда бажарилмоқда. Бундан кўзланган мақсад кластерлар, фермер хўжаликлари ва бошқа ердан фойдаланувчиларнинг ўзларига тегишли ер майдонлари ва чегараларини аниқ,  шаффоф ҳолда ер ҳисобини юритишдан иборат.  

2022-2023 йилларда Миллий географик ахборот тизимини яратиш доирасида 50 та станция тўлиқ қамраб олинмаган ҳудудларда қўшимча яна 80 та станциялар ўрнатиш режалаштирилган. Мазкур станциялар ишга тушса, республика ҳудуди 30 км радиусда тўлиқ қамраб олинади. 

Давлат ер кадастрини юритиш учун 1:500 - 1:25 000 масштабгача бўлган ортофотопланлар яратилмоқда. Ушбу ортофотопланлардан ҳаттоки 5 см. катталикдаги гугурт қутини ҳам электрон тарзда катталаштириб кўриш мумкин. Бу дегани жойлардаги барча топоэлементлар (ариқ, зовур, йўл, контур чегаралари, қувурлар ва бошқалар)ни ArcGIS дастуридан фойдаланган ҳолда бемалол аниқ кўриш имконини беради. 

DMC III рақамли замонавий аэрокамера ёрдамида 1200-3200 метргача баландликда бўлган масофадан туриб аэросуратга олиш имконияти мавжуд. Масофага боғлиқ ҳолда 5-14 см гача аниқликда карталар яратиш имконини беради. Ушбу камера АН-2 самолётига ўрнатилган ҳолда фойдаланилмоқда ва ҳозирги кунгача республиканинг 5 миллион 200 минг гектар майдонларнинг аэросуратлари тайёрланди ва йил якунига қадар яна 5 миллион гектар майдонда аэросуратга олиш ишлари бажарилиши режалаштирилган.  

Хатлов ишлари 4 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда туманларнинг суғориладиган ҳудудларида 1:10 000 бошқа ҳудудларида 1:25 000 масштабга тайёрланган ортофотопланга маъмурий ҳудудий бирликлар чегаралари тушурилади. Иккинчи босқичда дешифровка ишлари, яъни хар бир ердан фойдаланувчиларнинг контурлари ва топоэлементлари хатловдан ўтказилиб, такрорланмас янги контур рақамлари берилади. Қолаверса, электрон рақамли қишлоқ хўжалиги хариталари ва қайдномалари яратилади.

Учинчи босқичда янги харита ва қайдномалардан фойдаланган ҳолда ҳар бир ердан фойдаланувчининг контурлар сонидан қатъи назар битта объект сифатида хатловдан ўтказиб, алоҳида тартиб рақам берилади. Тўртинчи босқичда хатлов натижалари асосида ArcGIS дастурида ҳудуддаги ердан фойдаланувчиларнинг чегаралари тушурилган 1: 10 000 ва 1:25 000 масштаблардаги қишлоқ хўжалиги хариталари яратилади.  

Электрон хариталарни олдин тайёрланган қоғоз шаклидаги хариталардан фарқи бу хариталар махсус қурилмаларда сақланиши ва ҳар ким хоҳлагандек ўзгаришлар кирита олмаслиги билан фарқ қилади. 

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, хатлов ишлари бугунги кунга қадар 104 та тумандаги 211 мингдан ортиқ ердан фойдаланувчиларнинг 24 миллион 707 минг гектар майдонларида амалга оширилди. 

Бир сўз билан айтганда, давлат хизматлари ва маълумотларини рақамлаштириш, имкон қадар “инсон фактори”ни камайтириш ишларининг жадал суръатларда амалга оширилиши жойлардаги айрим мансабдор шахсларнинг кирдикорларини фош қилишга хизмат қилиши билан эътиборлидир. 

Шаҳноза Маматуропова, 
ЎзА мухбири