Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Марказ фаолиятининг асосий йўналишларидан бирини ёшлар дипломатияси, хусусан, юртимиздаги ёшлар ташкилотларининг ШҲТ давлатларидаги турдош тузилмалар билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш масалалари ташкил этади.
Марказ олдига қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш, ёш авлод вакилларини халқ дипломатияси лойиҳаларига кенг жалб қилиш, юртимиз ва хорижий давлатлар ёшлар ташкилотлари, ташаббускор волонтёрлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишига кўмаклашиш, ўзаро мулоқотни кенгайтиришга қаратилган онлайн платформалар самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида жорий йилнинг 19 апрель куни Ёшлар ижод саройида “Халқ дипломатияси digital даврда” мавзусида илмий семинар ва “Ижтимоий-гуманитар ҳамкорлик ёшлар нигоҳида” шиори остида интерактив ўйин ташкил этилди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси, Diplomat University ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларда соҳа мутахассислари, пойтахтимиздаги олий таълим муассасаларининг илғор талабалари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Илмий семинар давомида халқ дипломатияси соҳасидаги лойиҳалар ва уларни амалга оширишда илғор технологияларнинг ўрни, халқаро ёшлар ҳамкорлиги ва волонтёрлик дастурлари, онлайн ҳамкорлик платформаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Семинар давомида эгалланган билимлар асосида ёшлар интерактив ўйин орқали маданий соҳада амалга оширилаётган халқаро лойиҳаларни такомиллаштириш, ёшлар лойиҳалари қамровини кенгайтириш юзасидан ўз таклифлифларини илгари сурдилар.
Семинар ва интерактив ўйин ёш авлод вакилларини халқ дипломатияси, халқаро ҳамкорлик жараёнларига фаол жалб этиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби лойиҳалар ёш авлодда глобал масалаларга нисбатан барқарор қизиқишни шакллантиришга хизмат қилибгина қолмай, халқаро майдонда конструктив мулоқот, ўзаро англашув ва ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятларни очади.
Тадбир иштирокчилари бу каби тадбирлар анъанавий тус олиб, рақамли даврда ёшлар дипломатиясини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишда давом этишига ишонч билдирди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА