Ўзбекистон Республикаси ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – ҳар бир фуқарога муносиб ҳаёт тарзини таъминлаш йўлида адолатли ижтимоий муҳофазани ташкил этишдир.
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш бўйича давлат хизматини ошириш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашда кекса, меҳнатга лаёқатсиз, боқувчисини йўқотган аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилишда ва бу борада фуқароларга пенсияларни тайинлаш юзасидан кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини янада яхшилаш ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.
Эндиликда аҳолига пенсия тайинлаш тизимига замонавий ахборот технологияларни фаол татбиқ этган ҳолда давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида бир қанча норматив ҳужжатлар қабул қилинмоқда, уларнинг барчаси фуқароларнинг бирон бир хизматлардан фойдаланганларида вақтларини сарфламаслик ҳамда ортиқча оворагарчиликларини олдини олишга қаратилгандир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 июндаги «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан замонавий хизматларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижтимоий муҳофаза соҳасида янги босқични белгилаб берди. Ушбу ҳужжат орқали пенсия тайинлаш, ижтимоий ёрдам ва молиявий хизматлар жараёнларини рақамлаштириш, замонавий электрон ва онлайн хизматларни жорий этиш бўйича амалий чоралар белгиланмоқда.
Ушбу фармон бўйича рақамлаштириш ҳамда янгича ёндашув асосида ишни ташкил этиш белгилаб берилди. Унга кўра фуқароларнинг пенсияга оид маълумотларини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида, 2025 йил 1 октябрга қадар Мажбурий ижро бюроси ижро жараёнида ундирувни пенсия тўловларига қаратишдан аввал дастлаб фуқароларни хабардор қилиш тизимини жорий этди.
2025 йил 1 ноябрга қадар мудофаа ишлари органларида рўйхатда турган ва пенсия тайинланаётган фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўтаган даври тўғрисидаги маълумотларни «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали Пенсия жамғармаси ахборот тизимига тақдим этиш бўйича интеграция қилиш чораларини кўриш, 2025 йил июль-октябрь ойлари давомида ҳоким ёрдамчилари ҳар бир маҳалладаги «маҳалла еттилиги» билан биргаликда фуқароларнинг меҳнат дафтарчаси маълумотларини туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари орқали рақамлаштириш бўйича тарғибот ишларини амалга ошириш, 2026 йил 1 августга қадар фуқароларнинг олий таълим муассасаларидаги ўқиш даври тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ рақамлаштириш ва давлат хизматлари марказлари орқали фуқароларнинг олий таълим муассасаларидаги ўқиш даври тўғрисидаги маълумотларни вазирликнинг электрон базасига юбориш имкониятини яратиш вазифаси белгилаб берилди.
2025 йил 1 мартдан бошлаб фуқароларга ёшга доир, “Фуқароларнинг давлат пенсия таьминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддаси, яъни эркаклар 60 ёшга, аёллар эса 55 ёшга тўлиши муносабати билан уларнинг алоҳида мурожаати талаб этмаган ҳолда, 2025 йил 1 июлдан эса ногиронлик пенсиялари проактив шаклда пенсиялар тайинлаб келинмоқда. Бунда, ёшга доир ва ногиронлик пенсиялари Пенсия жамғармасининг ахборот тизими орқали тегишли вазирлик ва идоралараро ахборот алмашуви асосида олинадиган фуқаронинг иш стажи ва иш ҳақи ҳамда бошқа маълумотларига асосан давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартиб ва меъёрларга мувофиқ хисобланади ва тайинланади. Ҳозирги кунда жорий этилган замонавий хизматлар ҳисобига ёшга доир пенсияларнинг 62 фоизи, ногиронлик пенсияларни 100 фоизи проактив шаклда тайинланишига эришилмоқда.
Фуқароларга ёшга доир, ногиронлик пенсияларини уларнинг мурожаати талаб этмаган ҳолда, проактив шаклда пенсия тайинлаш учун уларнинг меҳнат дафтарчаларидаги мавжуд меҳнат фаолияти “Ягона миллий меҳнат тизими” ИДАКга тўлиқ киритилиши лозим бўлади. Бунда фуқаро ҳозирги кунда ишлаётган бўлса, иш жойидаги кадрлар бўлимига мурожаат этишлари лозим бўлади. Агар фуқаро меҳнат фаолиятини юритмаётган яъни ишсиз бўлса, ўзлари яшаб келаётган туман Бандликка кўмаклашувчи марказларига мурожаат қилган ҳолда бепул равишда меҳнат дафтарчалари маълумотларини рақамлаштиришлари мумкин бўлади.
Фуқароларга проактив шаклда пенсия тайинлашда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиш лозим, ишлайдиган фуқароларнинг меҳнат фаолияти корхонанинг кадрлар бўлими томонидан ЯММТ базасига киритилиши лозим. Пенсия жамғармаси ходимлари эса электрон сўров юборган ҳолда, хар бир фуқаро бўйича электрон маълумотлар олинади ва шу асосида пенсия тайинлаш амалга оширилади. Бунда, меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТ ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади.
Энди, фуқаролар ўзларини меҳнат дафтарчаларини рақамлаштиришнинг афзалликлари ҳақида айтадиган бўлсак, аввалом бор қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларидаги маълумотлар, электрон шаклга ўтади, меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотлар хавфсиз сақланиш имкони яратилади. Бу эса фуқароларга пенсия тайинлашда меҳнат стажи автоматик тарзда аниқланади, уларнинг ортиқча вақти сарфи тежалади, меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотлар давлат томонидан тасдиқланган расмий электрон ҳужжат ҳисобланади. Агар айрим сабабларга кўра фуқаро меҳнат дафтарчасини йўқотиб қўйган тақдирда ҳам электрон меҳнат дафтарчаси бўйича келажакда унга пенсия тайинлаш имкони мавжуд бўлади.
Буларнинг барчаси фуқароларга давлат пенсиясини тайинлашда уларнинг ортиқча оворагарчиликларини бартараф этиш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш, уларга адолатли пенсия тайинлашдан иборат.
Якуний хулоса қилиб айтганда, Президентнинг фармони ижтимоий ҳимоя тизимини замон талабларига мос равишда янгилаш, давлат хизматларини фуқароларга яқин ва фойдали шаклда тақдим этишга қаратилган муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжат нафақат пенсия ва ижтимоий тўловларни тайинлаш жараёнларини автоматлаштиришни таъминлайди, балки Конституцияда мустаҳкамланган ижтимоий таъминот ҳуқуқининг амалий кафолатини кучайтиради. Янги электрон хизматлар, очиқлик ва фуқаролар билан бевосита мулоқотнинг йўлга қўйилиши аҳолининг давлатга ишончини мустаҳкамлайди ҳамда ижтимоий адолат ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилади.
Гулнора МУРОДОВА,
Пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар, Сергели туман бўлими бошлиғи.
ЎзА